Ҳикматалининг ҳиммати

Ҳикматали Раҳмонжонов мустақиллик тенгдоши. Ёш бўлишига қарамай, ўндан зиёд иш ўрнини ташкил қилиб, неча-неча ёшларнинг қўшимча таълим олишига имконият яратиб бермоқда. Хўш, у  бунга қандай эришди?

Тенгдошимиз 2015 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институтини тамомлагач, лицейда тарих фанидан сабоқ бера бошлади. Икки йилдан кейин маблағ тўплаб, нодавлат таълим муассасасини ташкил этди. Мазкур ўқув марказида ёшлар барча фанлардан билимини мукаммаллаштириши ҳамда хорижий тилларни ўрганиши мумкин.

— Оилада якка ўғилман, — дейди Ҳикматали. — Ота-онам таълим-тарбиямга вақтида эътибор қаратди. Мана энди, барча муаммоларимни мустақил ҳал эта оламан. Яқинда уйландим. Тўй дабдабасиз ўтди. Харажатларини деярли тўлиқ ўзим кўтардим. Марказга келадиган бўлсак, янги ўқув йилидан фаолиятимизни кенгайтириб, Тошкент шаҳрининг олис туманларида ҳам филиаллар очмоқчимиз.

Ҳа, излаган имкон топар, изламаган баҳона, деганларидек, Ҳикматалининг шижоати, ғайрати, ўзига бўлган талабчанлигидан ибрат олса арзийди.

Бахтиёр БЎКАЕВ