Амалий таклифлар берилди

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтида Ёшлар иттифоқининг Зангиота тумани кенгаши билан ҳамкорликда туман етакчилари учун ўқув-семинари ташкил этилди.

Машғулотларда маърузачи-тренер сифатида институт қўмондонлиги, жамоатчилик ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти мутахассислари қатнашди. Ўзаро мулоқот жараёнида эса, етакчилар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш юзасидан бир қатор амалий таклифларни ўртага ташлади.

Хусусан, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни (пайшанба), Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни (жума) муносабати билан таълим муассасаларида ташкил этиладиган маънавий-маърифий тадбирларга Миллий гвардия Ҳарбий-техника институти вакилларини кенгроқ жалб қилиш ва, аксинча, институтда очиқ эшиклар кунларини ўтказиб, ўқувчи-ёшларни таклиф этиш таклифи берилди. Мутасаддилар билан мазкур йўналишдаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида режа ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Семинар якунида фаол иштирокчиларга эсдалик совғалар топширилди.

Ғайрат ИКМАТУЛЛАЕВ