Илмдан яхшироқ хазина бўлмас

Бўлим муҳаррири ҳамкасбим Мунирага ёшлар ўртасида “Сўнгги ўқиган китобингиз?” мавзусида ижтимоий сўровнома ўтказиш топшириғини берди. Тушдан кейин, авзои бузилиб, хуноби ошиб келган Мунирадан нима бўлганини сўрасам:

— Синфдош дугоналарим ва турли ёшдаги йигит-қизларга саволни берсам, бири: “Ҳозир ким китоб ўқийди, телефон, интернет ҳақида сўранг” — деса, иккинчиси: “Бошим оғриб, уйқум келмаса китоб ўқийман. Сабаби, мутолаадан зериксам, кўзимга уйқу келади”, — дейди. Тавба, китобдан шунчаки эрмак ёки зерикканда қўл келадиган восита сифатида фойдаланиб бўларканми?

Ҳамкасбимнинг сўзларини тинглаб, негадир “Ёш китобхон” кўрик-танловининг республика босқичида иккинчи ўринни қўлга киритган хоразмлик Умиджон Қутлимуродов ёдимга тушди. Имконияти чекланган бўлса-да, ҳар бир саволга ўзгача ҳаяжон билан жавоб берган бу йигит юртимизнинг каттаю кичигида ҳавас уйғотган бўлса, не ажаб.

Зиёли оилада таваллуд топган Умиджон дастлаб Адолат опа исмли ўқитувчидан уйда таълим олган. Кейинчалик Хива шаҳридаги 121-кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган давлат мактаб-интернатида ўқишни давом эттирган. Онаси рус тили фанидан дарс берар, дадаси ҳисобчи бўлса-да, тарих фанига қизиқиши ўзгача эди. Шунданми, Умиджонда ҳам тарихни ўрганишга бўлган иштиёқ кучли. Мутолаа ва тил ўрганиш — дўстимизнинг севимли машғулотлари. Айни пайтда у турк, озарбайжон, рус тилларида мукаммал сўзлаша олади.

— Ҳаётимни мутолаасиз тасаввур қилолмайман, — дейди ­­
У. Қутлимуродов. — Келажакда етук тарихчи бўлишни ният қилганман. Орзуим — Хоразм тарихига оид кино ишлаб, уни жаҳонга машҳур қилиш. Буюк алломалар юртида туғилганимдан фахрланаман. Уларга муносиб бўлиш учун ҳаракатдан ҳеч қачон тўхтамайман.

Кичик жуссасида шижоат, ғайрат жўш ураётган бу йигитнинг мустаҳкам иродасига ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Қаҳрамонимизнинг:

— “Ёш китобхон”да танлаш имконияти бўлганида учинчи ўринни сўраган бўлардим. Чунки, бу ўрин соҳибига мукофот сифатида 200 дона китоб совға қилинади. Шу орқали шахсий кутубхонам анча бойирди, — деганини эшитиб, вақтини ижтимоий тармоқларга, сўнгги русумдаги телефонларга сарфлаётган тенгдошларим кўз олдимдан бир-бир ўтаверди…

Дарҳақиқат, китоб яхши дўст, суҳбатдош бўлибгина қолмай, инсонни ҳар қандай қабиҳликдан асрашга қодир.

Рудакийнинг “Илм­дан яхшироқ хазина бўлмас, қўлингдан келганча тера олсанг бас”, — деган сўзларини ҳаётий шиорига айлантирган қаҳрамонимиз билан хайр­лашарканмиз, мана шундай илмга чанқоқ, бор кучини, вақтини билим олишга сафарбар этган ёшлар бор экан, юртимиз тараққий этишига яна бир бор амин бўлдик.

Илм дурларини қандай ва қаердан олиш ўзимизга боғлиқ. Зеро, ҳар бир амалимиз билан юртга наф келтирмоғимиз даркор.

Маъмура ХЎЖАҚУЛОВА