Интилсанг арзийди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети болалар учун “Дастурлаш соати” акциясини ўтказди. Унда замонавий ахборот-коммуникация технологияларига қизиқувчи 300 нафарга яқин ўғил-қиз қатнашди. Энг кичиги тўққиз ёшда.

Акция доирасида иштирокчилар дастурлаш асослари билан танишиш имконига эга бўлди. Машғулотлар “Scratch” дастурлаш тилида ўтилиб, болалар “Android” мобиль иловалари асосида муайян веб-сайт яратишга уриниб кўрди.

Инҳа университети ёшларнинг АКТ соҳасидаги ижодий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида бундай қизиқарли лойиҳаларни мунтазам амалга оширишни кўзда тутган.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда ушбу таълим даргоҳида ўқувчилар учун “Codecraft” дастурлаш курслари очилган эди. Мазкур ташаббус ҳам ўғил-қизларнинг компьютер саводхонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Роҳатой ҚОДИРОВА