Кулиб турибди деманг…

“Хотин-қизлар ижтимоий ҳаётида маҳалланинг роли” мавзусидаги мажлис чўзилгандан-чўзилди. Баъзилар ухлаб, кимдир эснаб ҳомуза тортди. Амалга оширилиши қийин, сийқаси чиққан гап-сўзлардан хунобим ортди. Қорним қулдираб, бошимга оғриқ кирди. Ахир, тушлик вақти ўтиб кетганига ҳам икки соатдан ошди-да!

Ниҳоят, йиғин тугаб, ҳамма ўзини эшикка урди.

Уйгача боришга кўзим етмай, йўл четидаги емакхонага кирдим. Хўранда йўқ, ҳисоби. Четдаги столга ўтириб, кимлар қўнғироқ қилди экан, деб телефонимни ковлаштирдим.

— Ассалому алайкум, опажон, қайси таомни буюрасиз?

Бошимни кўтариб, майин овоз соҳибасига юзландим. Ё тавба! Официант аёлнинг гўзаллигидан ҳайратланиб, гап тополмай қолдим.

— Борини олиб келаверинг, — дея олдим зўрға. У патнисда нон, чой, косада шўрва олиб келди.

— Жуда чарчабсиз-а, опажон, ичиб олинг, ош бўлсин!

— Ўзингиз ҳам ўтиринг, — дедим унинг ғамхўрлигидан мутаассир бўлиб.

— Хўранда билан ўтиришга рухсат берилмаган, лекин ҳозир озроқ танаффусимиз бор, ўтириш мумкин, — деди у самимийлик билан.

Суҳбатимиз қизиб кетди. Ўзини Мунира деб таништирган аёл, икки ўғли, икки қизи бор, эри касал, қишлоқда иш йўқлиги сабаб, уч йилдан бери шу ошхонада ишларкан. Топганини уйи­га жўнатар, салгина юраги безовта қилишини айтмаса, ҳамма ишлари жойида экан.

Аёлнинг гапларида умуман нолиш оҳанги йўқ эди. Аксинча, жудаям чиройли сўзлар, уни тинглаб, мажлисдаги диққинафасликлар ҳам эсдан чиқди. Мунира мени кўчагача кузатиб қўйди.

Уни тез-тез эслардим. Айниқса, ўзини аямаслиги, ҳатто ошхонада кечалари ҳам картошка, пиёз, сабзи арчиб чиқишини ўйлаб, жонига ачиндим.

Иттифоқо, бир куни ошхона олдидан ўтиб қолдим. Мунирадан ҳол-аҳвол сўрай деган мақсадда у ерга бош суқдим. Официантлар қўлида дафтар-ручкаси билан чопиб юрибди. Ҳамма ўз иши билан банд. Озғиндан келган, новча официант қизни чақириб, ундан Мунирани сўрадим. Қиз менга тикилиб қолди. Кўнглим ёмон нарсани сезди.

— Кими бўласиз, опа?

— Танишиман.

Официантнинг кўзлари ёшланди.

— Мунира опа оламдан ўтганига бир ой бўлди. Юрак хуружидан вафот этди.

Ток ургандек сапчиб тушдим.

— Фаришта аёл эди, раҳматли, — кўз ёшини артди қиз. — Уйим, болам-чақам деб яшарди. Ичи ҳам, юзи ҳам гўзал эди. Не-не бойваччалар оғиз солмади, дейсиз. Бирортага қайрилиб қарамаган. Булоқ сувидек покиза эди.

— Эри касал экан…

— Асло. Аза куни бутун жамоамиз билан уйига бордик. Ҳўкиздек соғ, боқиманда одам экан, тўнғиз. Аёлининг жўнатганини еб ётар экан, касофат.

Ўттиз беш ёшли аёлнинг бу дунё билан хўшлашганига ишонгим келмасди.

Аёл… Дунёнинг бутун ташвишу муаммоларини мўъжазгина елкаларига ортмоқлаб, қийналиб бораётган зот. Филдек кучли, капалакдек нозик. Муниранинг атиргул янглиғ сиймоси кўз олдимдан кетмасди. Бўғзимга тиқилган йиғини аранг тўхтатдим. Наҳотки… Шу аёлгина яшаса бўларди. Бечоранинг юраги касал эди. Унга алоҳида парвариш, эътибор зарур эди. Аслида енгил юмуш ҳам унга оғирлик қиларди. Хаста юрагини ўйламаган аёл болаларининг қорни тўқ, усти бутлигидан, уларга ҳалол луқма едираётганидан бахтиёр эди.

Ногоҳ хаёлимга Муниранинг ҳамкасби — официант қизнинг хўрсиниб айтган сўзлари келди:

— Опа, ўқитувчи экансиз, Ҳалима опанинг “Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин”деганлари ҳақиқат экан. Мунира опа билан видолашгани кирсак, жилмайган кўйи ётибди, бояқиш!

 

Насиба АБДУЛЛАЕВА