Ота қадри баланд бўлсин

ХIХ аср охирларида Ўрта Осиёга саёҳат қилган европалик олим Ҳерман Вамбери ўзбеклар ҳақида шундай фикрларни билдирган: “Ўзбекларнинг оилавий муносабатларини асл намуна ҳисобласа бўлади. Ўрта ёшга бориб қолган фарзандлари ҳам ота-оналарига жуда ҳурмат-эҳтиром кўрсатади. Ўзи 30-40 ёшларга бориб қолган ўғил ҳам отасининг биринчи қарашидаёқ сергак тортади ва ҳеч қачон отаси бор пайтда биринчи ўтирмайди, биринчи гапирмайди”.

Дарҳақиқат, асрлар оша ўзбек оилаларида ўзига хос ички ва ташқи тартиб-қоидаларга амал қилиб келинган. Айниқса, отанинг ўрни бўлак ҳисобланган. Ҳар қандай муаммони ҳал этиш, тўғри қарор қабул қилиш, оиланинг моддий-маънавий таъминоти отанинг зиммасида бўлган. Шиддатли ва кескин ўзгариш­лар гирдобида қолган ҳозирги замонимизда-чи?

Бугун ўзбек оилаларида эр ва хотин, ота-­она ва фарзандлар, келин ҳамда қайнона-қайнота ўртасидаги муносабатлар анчайин ўзгаргандек, назаримизда. Айниқса, қайнона-келин ўртасида можаролар “оғриқли нуқта”мизга айланди. Улар кўпгина бадиий фильмлар, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар, ҳатто қизиқчилик санъатининг ҳам бош мавзуси бўлиб қолди. Золим, инжиқ, молпараст қайнона, янги муҳитга мослаша олмаган келин, қайси бирига қулоқ солишни билмай боши қотган ота ва ўғиллар –– оила драмасининг бош қаҳрамонидир… Бироз мушоҳада қилиб кўрсак, муаммонинг илдизи аввалбош­дан хотинини йўлга сололмаган эркакларда экани аёнлашади.

Тўйларимиз ҳақидаги ўйларимиз ҳам тугамаяпти. Кунора урф­га кираётган янги-янги одатлар, исрофгарчилигу дабдабалар, ортиқча сарф-харажатлар ҳақида қанча гапирмайлик, негадир вазият баттар авж олаётир. Фикримизча, бунга маълум маънода мавжуд қусурларни бартараф этиш мақсадида тайёрланиб, оммавий ахборот воситалари орқали эфирга узатаётган медиа тарғибот воситалари ҳам сабаб бўлмоқда. Баъзан улар тескари таъсир кўрсатмоқда. Йўқса, олис қишлоқларда ҳам азалий урф-одатлар четда қолиб, ўйлаб топилганларига эргашиш ҳолатини нима билан изоҳлаш мумкин? Яқин-яқингача юртимизнинг кўп жойларида тўй-ҳашам харажатини куёв томон кўтарар, келин сепи ўрнини бир-иккита совға босарди, холос. Ҳар қайси маросимни ўтказиш тартиби қатъий белгиланган бўлиб, уни барча беистисно қабул қиларди. Маҳалла (қишлоқ) оқсоқоллари кенгашиб, барча масалага ойдинлик  киритарди.  Ҳозир эса, вазият тамомила ўзгарган. Қўша-қўша тоғораю адоғи йўқ сарпо-суруғ йиғиш келин учун одатий ҳол бўлиб қолди. Турнақатор тўй кортежлари ва эрталабгача давом этадиган базму жамшид­лар ҳақида-ку, гапирмай қўя қолайлик. Миттигина қурт чинорни қулатади, деган ҳикмат бор халқимизда. Камина бир пайтлар қиш­лоғимиз оқсоқолларининг тўй-маърака пайтида, чегарадан чиқмоқчи бўлган ёшларга муросасиз бўлгани, уларнинг отаси олдида масалани кўндаланг қўя олганига кўп бора гувоҳ бўлганман. Демак, отанинг гапи  гап бўлсагина ишда барака унади.

Яна бир масала. Қайнонанинг келин устидан якка ҳукмронлик ўрнатиш психологияси барча ҳудудлар ва оилалар учун хос эмас . Ижодкорларимиз марказдан чет­роққа ҳам қадам босса, бир доира ичида қолиб кетганига амин бўларди. Ҳолбуки, келинни ўз шажарасининг бир ҳалқаси, келгуси наслининг ҳимоячиси сифатида  қабул қилиб, ўз қизидан-да ортиқ кўришни фарзу қарз биладиганлар ҳам бор. Оилада ёши катталар келинга тил учида “сиз” эмас, чин кўнгилдан “сен” деб мурожаат қилади. Гарчи драматизм­ни кучайтираётгандек бўлсак-да, экранда кўрган қайнонага тақлид қилиб, фарзандлари турмушини бузишга ёки орага совуқчилик солишга сабаб­чи бўлган оналарнинг  борлиги айни ҳақиқат.

Ибрат бўларли оила, унда отанинг муносиб ўрни талқини “Ўткан кунлар” романида тўлақонли ифода этилган. Юсуфбек ҳожи ҳеч кимга зуғум қилмайди, ҳар қандай масала юзасидан қарор қабул қилишда сермулоҳаза. Отабекни иккинчи марта уйлантириш можароларига Юсуфбек ҳожининг сўнгги сўзи нуқта қўяди:

“Биз ҳозир андишанинг бандаси, мен эмас онанг биравни ишондириб қўйған: бизнинг оиладан лафзсизлик чиқиши менга маъқул кўринмайдир…”

Оталаримиз сўзи ҳамиша мана шундай кескир бўлсин! Отаси бор жойда фарзанд биринчи ўтириб, биринчи гапирмасин!

Бахтиёр БЎКАЕВ