Хитой тажрибасидан бир шингил

Хитой Халқ Республикасининг “Умумжаҳон ёшларни ривожлантириш форуми” ташкилоти ижрочи президенти Си Лью хоним бошчилигидаги делегация юртимизга ташрифини якунлади. Делегация аъзоларининг сўнгги манзили Бухоро вилояти бўлди.

Дастлаб меҳмонлар кўҳна кентдаги Ёшлар маркази фаолияти билан танишди. Ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгаши раиси Зариф Комилов хитойлик мутахассисларга марказдаги тўгараклар, йигит-қизлар учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб берди. Делегация аъзолари тўгарак аъзолари билан ҳам суҳбатда бўлди. Бундай мулоқот самараси ўлароқ, келгусида марказда хитой тили курсларини ташкил этишга келишиб олинди.

Шу ернинг ўзида бухоролик ёш тадбиркорлар ва бизнесга эндигина қадам қўяётган ёшлар учун “Бизнес таълимнинг замонавий йўналишлари: Хитой тажрибаси” мавзусида маҳорат дарси ўтилди. Иштирокчилар тадбиркорлик фаолиятида муваффақиятга эришиш сирларидан бохабар этилди.

— Маҳорат дарсида қатнашиш учун Самарқанддан келдим, — дейди “Javlonbekuz.sam.stroy” корхонаси директори Жавлон Пиримқулов. — Хитойлик мутахассисларнинг машғулоти мени ²оятда руҳлантирди. Бундай тадбирлар кўпроқ ўтказиб турилишини хоҳлардим. Ўзимизга фойда, ахир.

Кун давомида делегация аъзолари Бухоронинг тарихий қадамжоларини зиёрат қилди.

Лайло ҲАЙИТОВА