Эртанги кунга таянч

Пойтахтимизда Ёшлар пресс-клубининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш, уни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш масалаларига бағиш­ланган анжуманда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Миллий гвардия, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи мутахассислари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда ўтган давр мобайнида қонунда белгиланган вазифалар ижроси, ёшларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариб, муносиб тақдирлаш, шунингдек, касб-ҳунарга йўналтирилган ишлар хусусида сўз юритилди. Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат мамлакатимизда ёшлар масаласида қилинаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Ўз навбатида иштирокчилар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан мутахассисларга мурожаат қилди. Ёшлар ушбу масалаларни бартараф этиш борасида ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди. Мавжуд камчиликларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

— Айни пайтда мамлакатимизда ёш раҳбарларни тайёрлашга катта эътибор берилмоқда, — дейди Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш инс­титути директори Актам Жалилов. — Институтимизда ҳам йигит-қизларда етакчилик қобилиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшлар масаласида қилинаётган ишлар эртанги кун учун муҳим таянч бўлиб хизмат қилади, албатта.

 Шерзод МАҲМУДОВ