70 нафарига ижобий тавсиянома берилди

Ёшлар иттифоқининг Қашқадарё вилояти кенгаши ташаббуси билан ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган йигит-қизлар учун тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳи ташкил қилинди.

Лойиҳага 122 нафар ўсмир қамраб олинди. Улар Яккабоғ туманидаги “Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Шўртан қалдирғочи” оромгоҳида жам бўлди.

Болалар мазмунли дам олиш баробарида, турли тадбирлар ва давра суҳбатлари орқали ҳуқуқий маданиятини ошириш имкониятига ҳам эга бўлди. Спорт ва бош­қа йўналишлардаги тўгарак машғулотлари эса, уларнинг ҳар жиҳатдан чиниқишига ёрдам берди.

Якунда ёшлар ташкилоти лойиҳада фаол иштирок этиб, жиноят кўчасига адашиб кириб қолганини англаб етган 70 нафар вояга етмаганни муддатидан олдин профилактик ҳисобдан чиқариш учун ижобий тавсиянома берди.

Аҳрор СОДИҚОВ