Ўзимизни алдаймиз, холос

Куз мавсумида ўқув қуролларининг савдоси чаққонлашади. Улар шунчалик хилма-хилки, қай бирини танлашни билмай, бошинг қотади. Баъзан шу масалада ота-она ва фарзандлар ўртасида зиддиятлар ҳам келиб чиқмоқда.

Аксарият болалар Зорро, Ўргимчак одам, Трансформер каби замонавий киноқаҳрамонлар ёки шоу-бизнеснинг таниқли вакиллари тасвирланган дафтарларни маъқул кўрса, ота-оналари, аксинча, давлат рамзлари, қадимий обидалар, улуғ аждодларимиз сурати акс этган маҳсулотларни харид қилгиси келади.
Афсуски, орамизда арзонга ёпишадиганлар ҳам бор. Бироқ бундай ёндашув кўпинча ўзини оқламайди. Усти ялтироқ, ичи қалтироқ, деганларидек, арзон маҳсулотларнинг сифати ҳам ўзига яраша-да.
Таассуфки, бозор расталарида ана шундай сифатсиз ўқув қуролларининг кўпайишига нафси ҳакалак отган, уддабурон “тадбиркор”лар муносиб улуш қўшмоқда. Айримлари ҳатто юртимизга ноқонуний кириб келган ҳамда давлат стандартларига мос келмайдиган матбаа маҳсулотларини сотишдан тап тортаётгани йўқ. Аянчлиси, арзон қоғоздан тайёрланиб, “оммавий маданият”га чорловчи дафтарлар, ёзиб улгурмасингдан сиёҳи оқиб кетадиган ручка ва бошқа сифатсиз нарса-буюмлар болажонлар қўлига етиб боряпти. Уларнинг саломатликка кўрсатаётган салбий таъсирини айтмайсизми!
Бундай ўзибиларчилик оддий қалам-ручкадан энди дарслик, бадиий китобларга кўчгани янада хавотирли. Бичими бирмунча кичик, ҳарфлари майдароқ, сифатсиз бўёқда босилган китоблар ўқувчи учун қўшимча ноқулайлик туғдириши турган гап.
— Белгиланган меъёр ва талабларга номувофиқ тарзда ишлаб чиқарилган ўқув қуроллари ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан хавфли, — дейди тиббиёт фанлари номзоди, аллерголог Зарема Абдусаидова. — Хусусан, дарс­ликлардаги қинғир-қийшиқ ёзувлар, бўёқ ҳидининг анқиб туриши боланинг кўнг­лини беҳузур қилиб, кўриш қобилиятини пасайтиради. Бунинг оқибатида наврасталар аллергик касалликларга йўлиқиши ҳам мумкин.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда
1 минг 718 та матбаа корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Шундан 82 таси китоб ва дарс­ликлар, 294 таси даврий босма нашрлар,
51 таси дафтар, 91 таси канцел­ярия маҳсулотлари, 385 таси реклама материалларини чоп этишга мўлжалланган. Афсуски, соҳага ихтисослашган тадбиркорлик субъектларининг барчаси ҳам ҳалол ишлаяпти деёлмаймиз.
Масалан, жорий йилда Тошкент вилоятидаги “Илм шуъласи” улгуржи бозорида сифатсиз матбаа маҳсулотлари сотувига чек қўйилган. Бундан ташқари, навоийлик якка тартибдаги тадбиркор Г.Исаева “Баёз” нашриёти грифи остида чоп этилган қалбаки китоб савдоси билан шуғуллангани, Қамаши шаҳридаги “Китоблар дурдонаси” дўконида эса, қўлбола усулда тайёрланган мактаб дарсликлари сотилаётгани аниқланган.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқарган ёки сотган фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг  5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса,  10 бараваригача миқдорда жарима солинади.

Н.Нуралиева