Амалимиз безагимиз бўлсин!

Кўзимни очсам, ҳамма ёқ ёп-ёруғ, аллақачон тонг отибди. Ухлаб қолибман-ку, дея шоша-пиша юз-қўлимни ювиб, айвонга чиқдим. Уйдагилар дастурхон атрофида чой ичиб ўтирибди. Аммо мени уйғотишмагани ғалати. Янгам ҳам кўринмайди. Одатда эрта саҳардан кўча супуришга тушарди.

— Келинойинг бироз дам олсин, дея атай турғизмадим. Тиним билмай ишлайди, бечора. Ахир, у ҳам бировнинг жигарбанди, — деди ойим саволли нигоҳимни уқиб. Ие… Қулоқларимга ишонмаяпман. Ойим шунақа деяптими?! Қишда ҳам кўчага ҳар куни сув септириб, “Ўлмаган бизнинг жонимиз эканда”, — дея келинини койийдиган онам-а?
Дадам мени янаям ҳайрон қолдирса бўладими. “Қизим, эртадан қўшимча дарсингга бор. Имтиҳон ҳазилакам нарса эмас. Яхшилаб тайёрлан. Юзимизни ёруғ қилиб ўқишга киргин деймиз-да” , — деди синглимга. Тушимми, ўнгимми? Кечагина қизининг психология йўналишига ҳужжат топширишига қарши бўлиб, “Тоғанг ишлайдиган университетга кирасан. Ахир, кимсан, ректор бўлса… Ўзингни қийнаб репититорга қатнаб юрма” , — деганди-ку. Акам ҳам шу пайт дардини очди: “Дада, амакимнинг фирмасида ортиқ ишламоқчи эмасман. Ўзимга бошқа иш топдим. “Директорнинг жияни” деган таъналардан чарчадим”.
Тавба, оиламиздагиларга нима бўлган ўзи?! Ишга ҳам кеч қолдим. Шошилмасам бўлмайди. Эшикдан чиқишда ойим қўлимга чиройли қоғозхалта тутқазди.
— Яна совға-саломми? Неча марта айтим: бошлиғимга яхши кўриниш учун бундай пасткашликка бормайман, деб. Лаганбардорликни ёқтирмайман! — дедим қизишиб.
— Қанақа лаганбардорлик? Бугун унинг туғилган куни! — деди онам.
— Э, ҳа. Ёдимдан кўтарилибди. Яхшиям эслатдингиз. Раҳмат!
Раҳбарнинг “эркатойи”га айланиб қолган ҳамкасбим ҳам бугун ўзгариб қолибди. Ёнимга келиб: “Ҳаммамиз бирга каттароқ совға олсак”, — деб таклиф қилди. Худо инсоф бераман, деса ажаб эмас экан. Барчамиз йиғилиб, бошлиққа “сюрприз” тайёрладик. Доим жиддий юрадиган раҳбаримизнинг чеҳраси очилди. Кулиб юрса, қандай файзли одамга айланарди-я? Кун ажойиб бошланди, илоё охиригача шундай бўлсин.
Кечки пайт уйга қайтаётиб автобусга чиқдим. Одам кўп, ўтиришга жой йўқ. Мен билан бирга ёши катта аёл ҳам чиқди. Ёшлар: “Холажон, келинг, ўтиринг”, — дея жой берди. Мана, ҳурмат-иззатни жойига қўйса, бўларкан-ку. Бугун ҳамма ўнг ёни билан турган, шекилли, бир-бирига чиройли муносабатда бўлмоқда. Уларни яхши кўриб кетдим.
Хаёлга берилиб қолиб, беҳосдан қоқилиб кетдим. Чўчиб уйғондим. Кўзимни очсам, ҳали қоронғу. Туш кўрибман. Афсус, қанийди тушим ўнгидан келса.. Соатга қарадим: тонг отишига ҳам анча бор…

Зебо МУРОДОВА