Илғор бўл, елка тут мамлакатингга!

Ёшлар ижод саройида “Иқтидорли ёшлар” республика форуми ўтказилди

Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган форумда Инновацион ривожланиш, Қишлоқ хўжалиги ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази, Интеллектуал мулк агентлиги мутасаддилари ҳамда ҳудудлардан сараланган 170 нафардан зиёд олим ва ихтирочи қатнашди.

Шиддат билан ривожланаётган замонамизда бир жойда турмаслик учун, шубҳасиз, ақл ва ирода даркор. Мана шу икки жиҳат Ўзбекистон ёшларида мужассам. Улар ҳамиша ҳаракатда бўлиб, ҳаётни яхши томонга ўзгартира оладиган янгилик­лар яратишга интилмоқда. Бошқача қилиб айт­ганда, бугунги жамиятимиз ҳам, унинг салмоқли қисмини ташкил қилувчи ёшлар ҳам инновацион ривожланиш йўлига ўтган. “Иқтидорли ёшлар” форуми буни яна бир карра исботлади.
— Ҳудудларда сафарда бўлганимда юзлаб иқтидорли ёшларга дуч келаман, — таъкид­лади Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбаев. — Уларнинг илмий, ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлашимиз, ўрни келганда, молиявий кўмак кўрсатишимиз шарт ва зарур. Бугунги анжуманни айнан шу мақсадда ташкил қилдик.
Форум доирасида ташкил этилган инновацион ишланма, лойиҳа ва ихтиролар кўргазмаси томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Наманган муҳандислик-қурилиш институти талабаси Жаҳонгирмирзо Икромов устози кўмагида қадим Бухородаги Варахша қасри қизил зали деворларидаги тасвирларни рестоврация қилиш билан шуғулланмоқда. Унинг меҳнат маҳсули келгусида кўҳхна заминга келувчи сайёҳлар оқимининг янада ортишига хизмат қилса, ажаб эмас.
Форумнинг биринчи қисмида мамлакат инновацион салоҳиятини оширишда ёшларнинг ўрни ва роли, уларнинг илғор ташаб­бусларини рўёбга чиқариш йўлида юзага келаётган муаммолар, йигит-қизларнинг илмий-техникавий фаолиятини рағбатлантириш каби масалалари муҳокама этилди.
Куннинг иккинчи ярмида эса, иштирокчилар шўьбаларга бўлинган ҳолда аниқ фанлар, техника, қишлоқ хўжалиги, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларидаги инновацион лойиҳалар тақдимотини ўтказди.
Айтиш керак, эртамиз эгалари қўл урган лойиҳалар бир-биридан долзарб ва аҳамиятли. Масалан, Давлат бошқаруви академияси ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти тингловчиси Ҳусниобод Норова Ҳиндистон аноридан дори воситасини тайёрлаш усулини ишлаб чиққан. Шифобахш препарат овқат ҳазм қилиш, қўлдаги доғларни йўқотишда ёрдам бериб, кўриш қобилиятини яхшилайди.
Бухоро давлат университети талабаси Ойхон Маматқобулова инсульт касалининг олдини олишга хизмат қилувчи дори воситасини яратган. “Афсуски, изланишларим фақат қоғозда қолмоқда, — куюнчаклик билан гапирди у. — Ишланмаларни амалда синаб кўришга эса, техник имкониятимиз йўқ. Бу борада вилоятдаги кўплаб ташкилотларга мурожаат қилдим. Садо чиқмади. Энди “Иқтидорли ёшлар” форумидан нажот кутяпман”.
Тошкентлик Фазлиддин Ғофуров
13 ёшда. Юнусобод туманидаги 327-мактабда таҳсил олади. Тумандаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказининг роботехника тўгараги аъзоси. Қишлоқ хўжалигига қизиққани боис, намликни ўлчовчи қурилма яратди. У бободеҳқонларимиз учун, балки кундалик турмушда ҳам, айтайлик, озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддатини аниқлашда асқатиши мумкин. Ана холос, бола бўлса ҳам бало-да!
“Иқтидорли ёшлар” республика форуми якунида тўртала йўналиш бўйича энг яхши тақдимотлар аниқланиб, муаллифлари муносиб тақдирланди.

Ҳикматилла ЗАЙНИДДИНОВ, фармацевтика фанлари доктори:

— Давлатимиз маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳозир тармоқда 154 та корхона фаолият кўрсатиб, 2 минг 500 дан ортиқ дори воситаси ва тиббий буюм ишлаб чиқараётир. Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо камчиликлар ҳам етарли. Хусусан, фармацевтика корхоналаримизнинг аксариятида замонавий технологиялар умуман қўлланилмайди. Кўп қисми тўлиқ циклда ишлаб чиқаришга ўтиш ўрнига, ҳали ҳам хориждан тайёр маҳсулотни олиб келиб, қадоқлаш билан шуғулланмоқда. Мазкур форум биз, мутахассисларга шунга ўхшаш тизимли муаммолар ҳақида очиқ-ошкора гапиришимиз учун майдон яратди.

Муроджон РАСУЛОВ,  “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш  маркази директори ўринбосари:

— Бу каби лойиҳалар асосида ёшлар ва давлат ўртасидаги мулоқотни жонлантиришга хизмат қилади. Юртимизда ахборот технологияларига қизиқувчи йигит-қизлар жуда кўп. Лекин, афсус­ки, аксарияти ўз лойиҳасини рўёбга чиқаролмай овора.
Бу эса, ҳафсаланинг пир бўлишига олиб келади. Шу боис вазирлик ва идоралар ўсиб келаётган авлодга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак бериши даркор.

Нозима МИЯССАРОВА