Индонезия қутқарувчилари Сулавесидаги икки йирик ҳудуд билан алоқа ўрната олишмаяпти

Индонезиядаги қутқарувчилар Марказий Сулавеси провинциясининг зилзила оқибатида вайрон бўлган икки йирик ҳудудига етиб бора олмайдилар. Чунки у ерга олиб борувчи йўллар зилзила сабабли яроқсиз ҳолатга келган, деб хабар бермоқда ТАСС.

Бу ҳақда Душанба куни Табиий офатлар билан курашиш бўйича миллий агентлик расмий вакили Сутопо Нугрохо журналистларга маълум қилди.

“28 сентябр кунги зилзила ўчоғи жойлашган Дунгалада вазият жуда жиддий. У ерда Палуга нисбатан силкинишлар кучи анча юқори эди”, деди мутасадди. Охирги маълумотларга кўра, биргина шу шаҳарда ҳалок бўлганларнинг сони 1,2 минг кишидан ошган. Сутопо Нугрохонинг айтишича, Дунгалада “тўлқин баландлиги 7 метргача бўлган кучли цунами қайд этилган “. У шунингдек, Сиги туманидаги вазият хусусида ҳам ахборот берган. Қайд этилишича, ҳанузгача ушбу ҳудудлар билан тўлиқ алоқа ўрнатиш имкони бўлмаяпти.

Н. Тошпўлатова, ЎзА