Инновация+тафаккур=Тараққиёт

Юртимизда илк бор математика бўйича Муҳаммад Хоразмий номидаги халқаро фан олимпиадаси бўлиб ўтмоқда

Имом Бухорий бобомиз: “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”, — деганида нақадар ҳақ эди. Ҳозиргидек кескин рақобат, ғоялар кураши авж олган бир пайтда бу ҳикматнинг қиймати янада ортган. Шу боис биз, аввало, таълим соҳасини ислоҳ қилишдан сира тўхтаётганимиз йўқ.
Энди буюк аждодлар билан фақат фахрланиш эмас, уларга муносиб издош бўлиш кераклигини ҳам чуқур англаб етдик. Дунёни ўзгартириб юборишга қодир инновацион тафаккурни шакилллантирмай туриб тараққиёт пиллапоясидан илдамлаб бўлмаслиги ҳам бизга яхши аён.
Улуғ аллома Муҳаммад Хоразмий ўз даврида инновацион илмий қарашларни илгари суриб, алгебра фанига асос солганини бир эсланг. Бобомиз ана шундай улкан кашфиётга қўл урмаганида, эҳтимол, бугунгидек техник ривожланиш палласига етмасмидик. Инчунин, оддий калькулятордан тортиб космик кемагача бўлган улкан ихтиролар замирида алгебра ётиши ҳаммага маълум. Демак, айни чоғда биз аждодларнинг бебаҳо илмий меросидан баҳраманд бўлибгина қолмай, уни яна бойитиш ҳаракатида бўлмоғимиз даркор.

Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг сентябрь ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида математика бўйича Муҳаммад Хоразмий номидаги халқаро фан олимпиадасини ўтказиш таклифини илгари сурганди. Жорий йилнинг 26 августида эса, Вазирлар Маҳкамаси олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ушбу олимпиадани ҳар икки йилда бир марта ташкил этишга доир қарор қабул қилди. Буюк алломанинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш, қолаверса, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларни фундаментал ва аниқ фанларга қизиқтириш ҳамда илм-фан йўлида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ўтказилаётан олимпиаданинг илк иштирокчилари куни кеча Урганч шаҳрига етиб келди.
Хоразм замини азалдан маърифат ўчоғи сифатида донг таратган. Биргина Маъмун академияси фикримизга ёрқин исбот бўла олади.
— Юртингизга илк бор келишим, — дейди Мўғулистон технологик институти талабаси Сугармаа Алтанкҳуяг. — Хива шаҳрига саёҳат бир умр ёдимда қолади. Очиқ гап, Ўзбекистон бу даражада гўзал диёр эканини билмагандим. Бу ерда неча-неча улуғ алломалар етишиб чиққанидан ҳам бехабар эдим. Олимпиада сабаб турли миллат вакиллари билан дўстлашдим. Бундан беҳад мамнунман.
Кеча тонгдан Урганч шаҳридаги Ёшлик спорт мажмуасида халқаро олимпиаданинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Хоразм вилояти хокими вазифасини бажарувчи Фарҳод Эрманов, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика инс­титути директори, академик Шавкат Аюпов сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлади. Шунингдек, Италиянинг Низа унверситети профессори Марко Абетенинг онлайн табриги эшитирилди. Талабалар буюк математик, астроном ва географ Муҳаммад Хоразмий ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шундан сўнг Россия, Хитой, Буюк Британия, Индонезия, Словения, Оман, Болгария каби дунёнинг йигирмата давлатидан келган 334 нафар йигит-қиз билимлар синовига киришди. Жараённинг шаффоф тарзда кечиши таъминланди.
— Олимпиадага биз кутгандан ҳам аъло даражада тайёргарлик кўрилибди, — дейди хитойлик иштирокчи Мингҳуи Оуянг. — Алгебрани сув қилиб ичган инсон учун бирорта ҳам масалани ечиш қийинчилик туғдирмайди. Лекин инглиз тилини мукаммал билмаганим бироз панд берди. Ўйлашимча, барибир, ёмон натижа кўрсатмадим. Мана шунча математик тенгдош­ларим билан яқиндан танишиш мен учун ҳаммасидан ҳам завқли бўлди.
Муҳамад Хоразмий номидаги халқаро математика олимпиадаси ғолиблари бугун аниқланади.

Райимқулов Ўктамали,

Чуст туманидаги 18-мактаб ўқитувчиси