Миллий қаҳрамонлардан ибрат олайлик

Юртимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Бугун дунёда мафкуравий кураш шиддатли тус олган. Бундай пайтда ёшларнинг тафаккур оламини бойитиш, уларни халқ ва ватан хизматига шай қилиб тарбиялаш ҳар доимгидан ҳам муҳим масала. Шу мақсадда ҳукуматимиз томонидан Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси тасдиқланган эди.
Халқимиз азалдан алп ўғлонларни мард, ҳалол, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашга интилган. Бу борада фольклорга муро­жаат қилинган. “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби ўлмас достонларимиз аслида ватанпарварлик мавзуида. Шунинг­дек, Тўмарис, Спитамен, Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Амир Темурдек улуғ аждодларимиз ҳақида яратилган кўпдан-кўп асарлар ҳам ёшлар тарбиясига хизмат қилмоқда.
Бугунги техник тараққиёт даврида ёшларни фақат халқ оғзаки ижоди намуналаридан баҳраманд этиш кифоя эмас. Шуни ҳисобга олган ҳолда, номи юқорида зикр этилган концепцияда махсус бадиий, ҳужжатли ва мультипликацион фильмлар, ҳатто компьютер ўйинларини яратиш назарда тутилди. Қолаверса, бой ҳаётий тажрибага эга, турли мусобақа ва танловларда ғолибликни қўлга киритган ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари, уруш ёки бошқа жанговар ҳаракатлар қатнашчилари билан икки авлод учрашувлари, давра суҳбатлари ўтказиляпти. Бундай ташаббуслар ҳам йигит-қизларни ҳарбий соҳага қизиқиши учун айни муддаодир.
Шу ўринда бир таклиф: таълим муассасалари кутубхоналарини ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги бадиий-тарихий адабиётлар билан бойитиб, асар муаллифлари билан ўқувчи ёшларни учраштирсак мақсадга янада тезроқ эришган бўлардик, назаримда.
Ҳозирги мактаб боласидан Широқ ҳақида сўрасангиз ғанимни саҳрода адаштирган чўпон воқеасини айтиб беради. Ваҳоланки, уни қандай куч бундай жасоратга ундаганини ёшларга тушунтиришимиз даркор.
“Широқ душманни ишонтириш учун қулоқ-бурнини кесди”, — деган гапни шунчаки айтиб ўтиш ярамайди. Кино ва мультфильмлар сценарийсини ёзишда шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратмоқ зарур. Мақсад битта — бугунги авлод тарихий қаҳрамонларимиз билан фахрлансин! Мана энди бунинг учун ҳуқуқий асос ҳам яратилди.
Янги концепция миллий давлатчилигимиз тарихида муҳим аҳамият касб этишига ишонаман. Ҳарқалай бу йўлда қўлни-қўлга бериб ҳаракат қилсак, кўп нарсага эриша оламиз.

Нодира РАСУЛОВА,
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси
Ҳарбий-техник институти доценти