Осон пул топиш дардида

Жаннат каби гўзал юртинг йиғлаб, сендан иш кутадир.
Сенда кўргач ишсизликни, ҳасрат чекиб, қон ютадир.
Тур ўрнингдан, оч кўзингни, Айт ёвингга сўнг сўзингни.
Ёвинг кимдир, биласанми – нодонликдир, ялқовликдир,
Ёвга қарши курашмаслик – қўрқоқликдир, анқовликдир.
Иш қиличин, тур, қўлга ол!
Ёвга қарши чиндан қўзғол!

Мунавварқори АБДУРАШИДХОНОВ

Ушбу мисралар салкам юз йиллар муқаддам битилган бўлса-да, ҳали-ҳануз долзарбдир. Нега меҳнат қилиб, изланишга хушимиз йўғ-у, аммо яхши еб-ичгимиз, чиройли кийингимиз келади? Кун сайин болалаб кетаётган эҳтиёжларимизни қондириш учун эса, пул керак. Шунда ҳам осон йўлни излаймиз. Ҳамма бало мана шунда!

Шаҳарнинг қайси бурчагида бўлманг, тиланчилар қўл чўзади. Топиб олган гапи битта: “Болам касал, дорига пул керак”. Қишин-ёзин кўчада судраб юргандан кейин тўрт мучаси соғ бола ҳам хасталаниб қолади-да! Бели оғримаслиги учун ўзини ҳам, фарзандини ҳам касалга солаётганларга иш таклиф қилсанг, дарров қочади. Ўйлаб қоламан: наҳотки шунчалик боқиманда бўлиб қолган бўлсак?! Яхши яшашни ким ҳам истамайди дейсиз. Аммо танлаётган йўлимиз ҳар хил. Кунининг бир қисмида дўппи ёки кашта тикиб, қолган қисмида сигир соғиб, нон ёпаётган, шу орада фарзанд тарбиясига ҳам улгураётган оналар қанча. Эрталабдан-кечгача нолиб, бировнинг бир-икки сўмига қараб қолгандан кўра, ҳунар ўрганиб, ҳалол меҳнат билан ризқ топиш минг бор афзал, албатта.
“Чорсу” бозори ер ости йўлида тиланчилик қилиб ўтирган бир аёлни суҳбатга тортдим.
–– Нега пул топишнинг айнан шу йўлини танлагансиз?
–– Яна қандай йўллари бор? Мени ишга оламан, деб кимнинг кўзи учиб турибди? Ёки кўча супуриб юрайми? Шу ерда ўтираман, раҳм қилиб пул бериб кетадиганларнинг сони мингта. Жон койитмайман, ортиқча ташвиш қилиб юрмайман. Ўзимга бўлмаса манави боламга ачиниб пул беришади, қарабсизки ҳар куни ўша қийналиб ишлаётганлардан тузукроқ даромад топаман. Бунинг нимаси ёмон? Ўғрилик қилаётганим йўқ-ку…
Фойдангиз ҳам тегмайди, дедим ичимда. Озгина пул беришим эвазига бор гапни тўкиб-сочган аёлнинг фикрлари мени ўйлантириб қўйди. Тиланчилар кўпчиликнинг ғашини келтиришига қарамай, ҳеч ким уларни фойдали машғулот билан банд этишни истамайди. Бу масаланинг бир томони. Бошқа томондан, ёлғиз ўзи рўзғор тебратаётган аёл қандай бўлмасин даромад топишга ҳаракат қилади. Хуллас, ҳар кимнинг ақли ўзига. Ҳунар ўрганмайсизми, деганимда “Шу ёшимда-я? Қанча умрим қолди ўзи”, –– деб пичингнамо кулган ўша тиланчи аёлга ачиндим.
Бир кун ишдан қайтаётсам, йўл бетида турган мактаб ёшидаги қизча салфетка харид қилишни таклиф қилди. Нархи дўкондагидан анча қиммат. Раҳмим келганидан сотиб олдим. Яна минг хил мулоҳазаларга берилдим. Ўша муштипар боланинг ҳолати қалбимни тирнади.
Ялқовлик иллати илдиз отиб кетмаслиги учун ватан ва оиламиз олдидаги масъулиятни ҳис қилмоғимиз, эртанги кун учун жон койитмоғимиз даркор. Унутманг, мувафаққиятга ҳеч ким осонликча эришмайди. Унга элтувчи йўл ҳамиша машаққатлидир. Осон пул топиб кун кечирадиганларни кўриб, қўлсиз гўзал санъат асарларини яратаётган, жисмоний имконияти чекланган бўлсада, спорт мусобақаларида Ўзбекистон байроғини юқорига кўтараётганларни эсга олайлик. Муҳими, жамиятни ичдан кечираётган муаммоларга бефарқ бўлмасак бас.

Муқаддас МУСАЕВА