Рағбат қанот бағишлар

Ота-боболаримиз азалдан меҳнатга тарбия воситаси, тенгсиз қадрият сифатида қараб келган. Фарзандлар меҳнат орқали ҳалолликка ўргатилган, касб-ҳунар эгаллашга рағбатлантирилган. Жуда кўплаб ҳунар турлари асрлар силсиласида завол топмай, бугунги кунимизгача сақланиб келинганининг боиси ҳам шунда.

Ҳунар ортидан қанчалаб инсонлар рўзғорини бутлаб, жамиятда ҳурмат орттиргани, юртини жаҳонга танитгани ҳам бор гап. Қўли гул инсон кераксиз нарсадек улоқтириб юборилган бир бўлак ёғочни ҳам қалб қўрию кўз нури ила гўзал санъат асарига айлантира олади. Бу осон эмас, албатта. Ўзига яраша истеъдод, алоҳида қунт ва матонат керак.
Президентимизнинг оқилона сиёсати натижасида биронта ҳам соҳа эътиборсиз қолаётгани йўқ. Мана масалан, 2017 йилнинг 17 ноябрь куни давлатимиз раҳбари “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекканди. Мазкур ҳужжат миллий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттириб келаётган юртдошларимизга катта имкониятлар эшигини очди, десак муболаға бўлмас. Сабаби фармон кучга кирганидан буён нақ
24 минг нафар фуқаро ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтди. Бу аввалги йилларга қаганда анча кўп.
Ҳунармандчиликни шу зайлда рағбатлантириш мамлакатнинг иқтисодий равнақига ҳам хизмат қилишини унутмаслик даркор. Илло, қўл меҳнати билан яратилган ажойиб, ўзбекона руҳдаги буюмлар, биринчи нав­батда, юртимизга келаётган хорижий меҳмонларнинг эътиборини тортиши аниқ. Бу, шубҳасизки, сайёҳлик тармоғи ривожи учун жуда муҳим омил. Демак, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш сиёсатини изчил давом эттириш, уларнинг янада самарали ижод қилишига шароит яратиш айни муддао. Мана шунда халқнинг боқий маданий мероси ва тарихий анъаналари тобора бойиб, аҳоли бандлиги таъминланади, айниқса, кам таъминланган оилалар қўшимча даромад манбаларига эга бўлади. Жамият фаровон яшаши учун шуларнинг ўзи ҳам катта аҳамиятга эга.

Муқаддас МУСАЕВА