Тўғри босилса қадам…

Бугун ишнинг кўзини билган, ишбилармон одам яхши яшаяпти. Юртимизда ёшлар тадбиркорлигига кенг йўл очилганининг боиси ҳам шунда. Айтайлик, Ёшлар иттифоқи тасарруфида “Ёшлар бизнес-инкубатори” масъулияти чекланган жамияти фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг мутахассислари тенгдошларимизда бизнес юритиш кўникмасини шакллантириш билан машғул.

Асосий эътибор аграр соҳага қаратилган. Сабаби ёшларнинг кўп қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Улар учун қулай шароит яратиш мақсадида Тошкент, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида махсус агрокластерлар ҳам ташкил этилган.
Масалан, Қуйичирчиқ туманидаги агрокластерда эллик нафардан зиёд йигит-қиз жалб қилиниб, ўн нафарига фермер хўжалигини ташкил этиш учун ер ажратилди. Бу эса, келгусида уларнинг юксалишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Ёшлар иттифоқи тадбиркор дўстларимизга хориж тажрибасини ўрганиш имкониятини ҳам тақдим этган. Япония, Туркия, Германия каби давлатлардан мутахассислар таклиф қилиниб, маҳорат дарслари ўтилмоқда. Тез орада Ўзбекистон — Хитой бизнес-инкубатори ҳамда Ёшлар савдо марказини ишга тушириш кўзда тутилган. Шунингдек, 24 октябрдан 15 ноябрга қадар бир гуруҳ ёш фермерлар қишлоқ хўжалигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бў­йича Япония тажрибасини ўрганиб қайтади.
Ёш тадбиркорлар учун туман ва шаҳарларда қуриб берилаётган бизнес-инкубатор айни вақтда беш минг нафардан зиёд тенгдошимизни ўз бағрига олган. Аммо бу бошланиши, холос.
— Тан олиш керак, бизнес-инкубатор нималигини ҳали тўлиқ тушуниб етмаган ёшлар ҳам бор, — дейди “Ёшлар бизнес-инкубатори” МЧЖ директори вазифасини бажарувчи Соатмурод Қулмирзаев. — Бир қараганда оддий кўрингани билан, аслида анчайин машаққатли иш бу. Осон пул топиш пайида юрган баъзи ёшлар банкдан катта кредит олиб, ўзини зўр тадбиркордек тутади. Бироқ бир-икки йилга бормай касодга учрамоқда. Бизнинг фаолиятимиз мана шундай нохуш вазиятларнинг олдини олишга қаратилган.
2019 йилда ёшлар ташкилоти кўмаги билан яна олтита янги бизнес-инкубаторни ишга тушириш режалаштирилган. Ҳозирнинг ўзида лойиҳага қўшилаётган йигит-қизлар “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси маблағлари ҳисобидан жуда қулай шартда — имтиёзли давр билан йиллик 7 фоизли кредит олиш имконига эга бўляпти. Қўллаб-қувватлаш ҳам шунча бўлар-да. Энди ёшлар шунга яраша жавоб бериши, мамлакатнинг иқтисодий равнақига хизмат қиладиган янги ташаббуслар рўёби йўлида тинимсиз меҳнат қилмоғи шарт.

Маъмура ХЎЖАҚУЛОВА