Янги уфқ, самарали мулоқот, ёрқин таассуротлар

Жорий йилнинг 18-19 октябрь кунлари Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин юртимизда давлат ташрифи билан бўлганди. Икки давлат раҳбарлари олиб борган музокаралар фақат бир мақсад — ўзаро ишончли ҳамкорлик алоқалари, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилди.

Мана энди, ўша эзгу интилишнинг амалий ифодаси ўлароқ пойтахтимизда Ўзбекистон – Россия ёшлар фестивали ўз ишини бошлади.
Йирик лойиҳада тадбиркорлик, туризм, таълим соҳаларида салмоқли ютуқларга эришган илғор фикрловчи йигит-қизлар — Россия федерациясидан жами 82 нафар делегат иштирок этмоқда. Ўзаро мулоқотлар давомида ёшларимиз билим ва тажриба алмашиб, янги ҳамкору сармоядорлар топишга интилмоқда. Бундай интилишни ҳам, ҳар икки мамлакат Ёшлар иттифоқларининг ютуғи, деб бемалол атасак бўлади.
Асрлар силсиласидан омон қолган осори-атиқалар, муқаддас қадамжолар миллатнинг нафақат бой тарихи, балки юксак маънавиятдан ҳам дарак беради. Шу маънода, россиялик меҳмонлар дастлаб азим Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари — Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Ҳазрати Имом мажмуаси билан танишди.
Ушбу кичик саёҳат фестиваль дастурига киритилган Ўзбекистон – Россия ёшлар бизнес-форумининг янада самарали ўтишига хизмат қилганини ҳам таъкидлаш ўринли. Зотан, асосий тадбирлар чоғида ички туризм имкониятларидан унумли фойдаланиш ва ёшлар туризмини ривожлантириш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилган.
Биринчи Ўзбекистон – Россия бизнес-форуми ўз майдонида фаол тадбиркорлар, стартаперлар, иқтисодчилар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларини жамлади. Унда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, халқаро бизнес лойиҳаларни бошқаришнинг ўзига хос хусусиятлари, янги стратегиялар, тадбиркорлик субъектлари учун яратиб берилаётган имкониятлар атрофлича таҳлил қилинди.
— 2016 йили Қозон федерал университети битирувчилари томонидан “GoverMedia Plus” номли технологик лойиҳага старт берилганди, — дейди Россия делегацияси аъзоси, “GoverMedia Plus” халқаро компанияси юридик бўлими бошлиғи Регина Власова. — Кейинчалик ташаббус Швейцария ва Канада сармоядорлари томонидан қўллаб-қувватланди. Лойиҳамиз тадбиркорларга малакали мутахассисларни топиш, сармояларни жалб қилиш масалаларида ёрдам бермоқда. Мана энди, ушбу тажрибани Ўзбекистонда ҳам оммалаштирмоқчимиз.
Бизнес-форум натижасига кўра, 100 га яқин келишув имзоланди. Улар тез фурсатда ўз самарасини беришига ишонч билдирилди.
— Мазкур форум нафақат биринчи бор ўтказилаётгани, балки анча ноодатий форматга эга экани билан ҳам аҳамиятлидир, — дейди Россия Федерацияси Давлат думаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Алексей Кулинич. — Биз инновацион ғоя ва технологиялар алмашиш масаласини ҳам кўриб чиқдик. Бизнес ривожи учун бундай ҳамкорлик ниҳоятда зарур. Ўзбекистонлик ёш тадбиркорларнинг айрим лойиҳалари билан танишиб, рости, қойил қолдим. Улар нима қилиш кераклигини, муҳими, буни қандай қилиш кераклигини жуда яхши тушуниб етмоқда. Бир-биримиздан ўрганадиган жиҳатлар кўп.
Форум олдидан Ёшлар ижод саройида ташкил этилган миллий ҳунармандлик буюмлар ва тасвирий санъат асарлари кўзгазмаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Бугун Ўзбекистон – Россия ёшлар фестивали Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўз ишини давом эттиради.

Нозима МИЯССАРОВА,
Шерзод МАҲМУДОВ

Қаҳрамон ҚУРАНБАЕВ,  Ўзбекистон ёшлар иттифоқи  Марказий Кенгаши  раиси:

— Россия Федерацияси Президенти Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи чоғида кўплаб соҳалар қаторида ёшлар ташкилотлари ўртасида ҳам узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кучайтириш зарурлиги таъкидланганди. Биз Россия ёшлар иттифоқи билан бундай алоқаларнинг заруратию аҳамиятини теран англаб турибмиз.
Ўтган давр мобайнида уч маротаба Ўзбекистон – Россия ёшлар форумлари ўтказилди. Бугунги фестиваль бирдамлик сари қўйилган навбатдаги қадамдир. Яқин кунларда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Россия бизнес-инкубатори иш бошлайди. Тайёргарлик ишлари аллақачон бошланган. Қолаверса, Россия ва Ўзбекистонда ёшлар туризм марказини очишни кўзда тутганмиз.


Татьяна СЕЛИВЕРСТОВА, Россия ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари:

— Россия ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари ўрнатилганига яқинда бир йил тўлади. Ўтган давр мобайнида кўплаб муҳим тадбирлар ташкил этдик. Ўзбекистон – Россия бизнес-форумидан, қолаверса, унинг доирасида эришилган келишувлардан умидимиз катта. Медиа маконни кенгайтириш мақсадида интернет лойиҳасини ишга тушириш масаласи ҳам кун тартибига қўйилган.


Алексей ЕЖОВ,  Россия ёшлар иттифоқининг Халқаро лойиҳалар маркази директори:
— Ҳозирда “Халқаро ёшлар бизнес-инкубатори” лойиҳасини амалга оширяпмиз. Унинг доирасида йўналиши бўйича бир-бирига яқин бизнес лойиҳалар танлаб олиняпти. Масалан, ахборот технологиялари билан шуғулланувчи тадбиркор билан фаолияти сабзавотчилик билан боғлиқ тадбиркор ўртасида фарқ бор. Уларнинг қизиқишлари турлича.
Сентябрда Москва, Астрахань ва Волгоград шаҳарларида ўтказилган III Россия –Ўзбекистон ёшлар форуми доирасида юртингиз ёшлари аниқ ғоя ва ташаббуслар билан бизга мурожаат қилганди. Белгородда Ўзбекистон – Россия бизнес-инкубаторлари фаолиятини йўлга қўйдик. Яқин истиқболда Тошкентдан Белгородга мевалар етказиб бериш бошланади.