147 та янги уй ажратилади

Бухоро горнизонида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда аскарлар дуч келаётган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш йўллари, оила мустаҳкамлигини таъминлаш хусусида сўз борди.
Ўттиз йил мудофаа тизимида фаолият олиб бордим, — дейди нафақадаги подполковник Аҳрор Ғафуров. — 2002 йилдан буён уй-жой олиш бўйича рўйхатда тураман. Ҳужжатларимда муаммо бўлмаса-да, бир неча бор қайтарилди. Ниҳоят, ўн олти йил деганда менга уй ажратишди. Насиб бўлса, 2019 йилда оилам билан янги хонадонга кўчиб ўтамиз.
Маълумот учун айтиш керак, вилоят горнизонида хизмат қилаётганларга 473 та хизмат уйи берилган. Шунингдек, келаси йили 147 нафар нафақадаги ҳарбийни уй-жой билан таъминлаш кўзда тутиляпти.
Очиқ мулоқот давомида Бухоро давлат университети ҳарбий таълим факультети талабалари ўқув даргоҳи моддий-техник базасининг ғариблиги, амалий машғулотлар жараёнида ҳарбий қурол-аслаҳадан мутлақо фойдаланилмаслигидан шикоят қилди. Вазиятни ўнглаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриладиган бўлди.

Лайло ҲАЙИТОВА