38 нафар ўқувчига ёрдам берилди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида “Бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш ойлиги” ўтказилмоқда.

Иттифоқнинг Жиззах вилояти кенгаши фаоллари Пахтакор туманидаги 2-, 7- ҳамда 15-умумтаълим мактабларида бўлиб, ўқувчиларнинг бўш вақтини ташкил этиш ҳамда давомат масалаларини ўрганди.
Таълим масканларидаги тўгараклар фаолиятида қатор камчиликлар кўзга ташланган. Ёшлар ташкилоти вакиллари уларни бартараф этиш юзасидан етакчиларга зарур тавсиялар берди.
Ўқувчиларнинг дарсга келиш кўрсаткичлари ҳам анча паст. Маълум бўлишича, баъзилари мактаб формаси ва ўқув қуролларидан қийналиб қолган. Шу туфайли мактабга келолмаяпти. Ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгаши мазкур масалада 38 нафар йигит-қизга ёрдам берди.
Қайд этиш керак, айни вақтда вилоятдаги 13 та туман ва шаҳар кенгаши қошида Етакчилар кенгашлари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур тузилмаларга аъзо жонкуяр ёшлар таълим масканларида “Ўқувчи рейдлари”ни ўтказиб, бошланғич ташкилотлар фаолиятидаги муаммоларни мунтазам ўрганиб бормоқда.

Сардор БЕКЖОНОВ