Ўн етти жамоа, учинчи ўрин

Қозоғистонда спортнинг таэквондо, гандбол, эркин ва юнон-рум каби турлари бўйича ўтказилган “Мен — чемпион!” халқаро мусобақада сирдарёлик ёшларимиз муваффақиятли иштирок этиб, учинчи ўринни қўлга киритди.
Бешинчи маротаба ўтказилаётган мазкур беллашувда 17 жамоа ўн иккита шарт бўйича куч синашди.
— Ўн икки ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган мусобақада илк маротаба иштирок этдик, — дейди Гавҳар Абдусобирова. — Дастлабки қадам бироз мураккаб кечган бўлса-да, ортга ғалабасиз қайтмадик. Кейинги йилда, албатта, биринчи ўринни олишга ваъда берамиз.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган халқаро турнирда бу гал юртимиздан биринчи бўлиб, Ёшлар иттифоқининг Сирдарё вилояти ҳудудий кенгашларидан сараланган ўғил-қизлар иштирок этди. Улар орасида мактаб сардорлари ҳамда фаол ўқувчилар бор. Ушбу мусобақа кўп­лаб ўғил-қизларни бир мақсад сари жам бўлишга ундаши шубҳасиз.

Ҳасан УСМОНОВ