Проректорлар рақобат муҳитида ишлайди

Яхши шифокор аввал бемор билан бафуржа суҳбатлашиб, унинг касали аломатлари, қачон бошлангани, жараён қандай кечгани-ю ҳозирги аҳволи қандайлигигача суриштиради. Бу жуда муҳим. Чунки мулоқот асносида шифокор касалликни даволаши керакми ёки касалними, аниқлаб олади…
Юртимиз олий таълим муассасаларининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректорлари учун Тошкент шаҳридаги Ёшлар марказида уч кунлик ўқув-семинари айни мақсадда ташкил этилди. Асосий эътибор бугун мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларга эмас, балки бугунги шиддаткор замон талабларидан келиб чиққан ҳолда қилиниши зарур бўлган, дунё тажрибасида самара бераётган ёндашувлар, назарий ва амалий тенденциялар ҳамда уларни миллий муҳитимизда жорий этиш имкониятларига қаратилди.
Маълумки, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг жорий йил 5 июнда “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Қарорга кўра, олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори лавозими ўрнига ёшлар билан ишлаш бўйича проректори лавозими жорий этилди.

Уларнинг фаолиятини мувофиқ­лаштириш вазифаси Президент Админстрациясининг тегишли хизматига юкланди. Ҳудудларда янги олий таълим муассасалари ташкил этилиб, замонавий таълим йўна­лишлари ва мутахассисликлари, сиртқи ва кечки бўлимлар очилиши, қабул квоталари оширилиши, умуман, халқаро стандартларга мос олий таълим тизимини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган вазиятда масъулият ҳам шунга яраша бўлиши табиий.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ўтказилган семинарда юртимиздаги барча олий таълим муассасалари проректорлари иштирок этди.
Ўқув-семинарининг очилишида Ўз­бекистон Республикаси Президентининг Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов мазкур тадбирнинг бугунги кун талаби ва заруратидан келиб чиқиб ташкил этилгани, мамлакатимизда олий маълумотли кадрлар тайёрлаш масаласига нисбатан ёндашувнинг принципиал ўзгаргани, жамият ҳаётида инновацион тафаккур тарзи ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани хусусида тўхталди. Бу жараёнда ёшлар билан эскича ишлаб бўлмаслиги, ҳар бир мутахассисни замонавий талабларга жавоб берадиган етук қилиб тарбиялаш масъ­улияти ҳар бир профессор-ўқитувчидан аввало ўзини ривожлантиришни тақозо этаётганини таъкидлади.
Ўқув-семинарда ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялашда олий таълим муассасалари проректорлари роли ва ташаб­бускорлигини ошириш, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва уларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилиш, олий таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида самарали жамоатчилик назоратини жорий этиш, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари ишини жонлантириш, “устоз-шогирд” анъаналарини давом эттиришни рағбатлантириш, ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуронбоев олий таълим муассасалари давлат ва жамият тараққиётини ҳаракатлантирувчи асосий бўғин эканига урғу берди. Мана шу ҳаёт-мамот масаласига панжа орасидан қараб, ёшлар тақдири ва келажагига бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг, айниқса, ёшлар масалаларига масъул шахсларнинг ҳаққи йўқлигини қайд этди. Бу борада Президентимиз томонидан билдирилган ишончга муносиб тарзда, ёшлар ишлари бўйича проректорлар ҳар жиҳатдан ибрат бўлиши, талаба-ёшлар салоҳиятига индивидуал ёндашиб, уларнинг иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқаришнинг барча чораларини кўришга чақирди.
— Бугун ёшлар билан ишлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам масъулиятли вазифага айланди. Айниқса, талабалар билан ишлашда йўл қў­йилаётган камчиликларимиз, афсус­ки, тайёрланаётган кадрлар сифати ва савиясида намоён бўлмоқда. Бу ўз навбатида жойларда ишлаб чиқариш ва ижро тизими фаолият самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Малакали кадрлар талаб қилинаётган нуқталарда эса, бўшлиқ пайдо бўлишига олиб келмоқда, — деди у.
Албатта, бугунги талаба эртага кучли мутахассис, маълум бир соҳанинг ривожига ҳисса қўша оладиган инновацион ёндашувга эга етук кадр бўлиши керак. Олий таълим муассасасида ёшлар билан ишлаш бўйича проректор лавозими жорий этилганининг моҳиятида эса истиқболда сўзсиз қилиниши шарт бўлган кўплаб вазифалар турганини англаш қийин эмас. Бу борада Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлари етакчилари, жамоатчилик кенгашлари, факультет ва гуруҳ етакчилари ёрдамчи куч сифатида майдонга чиқиши керак.
Семинарда 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижтимоий соҳани ривож­лантиришнинг устувор йўналиш­лари мазмун-моҳияти атрофлича таҳлил қилиниб, олий таълим муассасаларида амалга ошириладиган асосий вазифалар белгилаб олинди.
Олий таълим муассасаларида янги тузилмалар — талабалар, ота-­оналар, Ёшлар иттифоқи фаоллари, кадрлар буюртмачилари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат таркибда жамоатчилик кенгашларини, янги ғоя ва ташаб­бусларни шакллантириш мақсадида “Ёш экспертлар гуруҳи”ни ташкил этиш борасида келишиб олинди.
Ўқув-семинарда тингловчилар, маърузалар билан бир қаторда, амалий машғулотларда ҳам фаол қатнашди. Ҳар қайси проректор ўзининг иш услуби ва ёшлар билан ишлашдаги тажрибаларини ўртоқлашишига имкон яратилди.
Якунда “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда олий таълим муассасаларининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректорларининг роли ва ташаббускорлиги” мавзусида таклиф ва ташаббуслар акс этган лойи­ҳалар тақдимоти бўлди.
Бугун олий таълим муассасаларининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректорлари суҳбат-аттестациядан ўтади. Эндиликда улар мазкур ўқув-семинар давомида белгилаб олинган устувор вазифалар ижроси юзасидан ўзига хос рақобат шароитида ишлайди.

Ф.КАРИМОВ