Саҳрони ҳам яшнатгай одам

Тасаввур қилинг, бепоён чўл бағридасиз. Атрофда дайди шамолнинг узундан-узоқ шивирлашию ўйноқи қумликларнинг рақсини томоша қиласиз. Оҳиста қадам ташлаётган туялар карвони, саксовул ва янтоқларнинг сабрини ҳис этасиз…

Энди айтинг-чи, бордию шу ерда яшаб қолишга тўғри келганида эртанги кун учун нималар қилган бўлардингиз? Бирданига турфа хаёллар оғушига ғарқ бўлганингиз, қалбингизда бироз ҳадик уйғонганини сезиб турибман…
Навоийнинг Конимех туманидан 250 километр узоқликда жойлашган “Холмурод” овулида ҳаёт жўшқин. Инсон ақлу заковати қанчалик қудратга эга эканига бу ерга бир бор келган киши амин бўлиши тайин. Қумликлар аро саратоннинг иссиғини ҳам менсимай, кечаю кундуз меҳнат қилишдан толмаётган овул аҳлига қойил қолиш керак. Ахир, 130 хонадон соҳибининг ҳар бири авлодлар келажагини ёрқинроқ қилмоқ йўлида елиб-югуряпти.
149 нафар ўқувчини ўз бағрига сиғдирган 25-умумтаълим мактабидаги Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчиси Валихон Икромов ҳам ана шундай жонкуяр инсонлардан.
— Мактабимизда қозоқ тилида таълим берилади, — дейди суҳбатдошимиз. — Имкониятлар етарли. Тўғри, муаммолар ҳам бор. Аммо уларни бартараф этиш мумкин. Муҳими, ўқувчиларимиз билимга чанқоқ. Улар истеъдодини намоён қилишга интилади. Масалан, 10-синф ўқувчиси Алия Тўришова яқинда Қозоғистонда еттита давлат вакиллари ўртасида ўтказилган қозоқ тили ва адабиёти бўйича фан олимпиадасида кумуш медалга сазовор бўлди. Бундан жуда фахрланамиз.
Валихон Икромов ишдан бўш вақтида чорвачилик билан шуғулланади. Туяларни кўпайтиришни йўлга қўйган. Турмуш ўртоғи Гулжазира билан икки нафар фарзандни ҳам камолга етказмоқда. Юртимизда ҳатто саҳрони обод этишга бел боғлаган серғайрат ёшларнинг борлиги қувонарли ҳол. Бугунги кунда юз бошдан ортиқ туяни кўпайтириб, шифобахш сути ҳамда жунини халқимиз эҳтиёжлари учун етказиб бераётган Валихондек азаматлар бор экан, мамлакат иқтисодиёти бундан кейин ҳам юксалаверишига шубҳа йўқ.
— Холмуродликлар мана шунақа суяги меҳнатда қотган халқ, — дейди Гулжазира Икромова. — Кўриб турганингиздек, ҳар ким ҳаётини фаровон қилишга интиляпти. Мен ҳам мактабда ишлайман. Ўқитувчи эканимдан ҳамиша фахрланиб юраман. Қачонки, инсон қилаётган ишидан завқ олса, қийинчилигу ташвишлар сира билинмас экан. Туячилик билан анча йиллардан буён шуғулланамиз. Фермер хўжалигимиз тобора кенгайяпти. Биласиз, туянинг сути минг дардга даво. Шу боис буюртмачиларимиз кўп. Туя куз-қиш мавсумида икки, баҳорда эса, 7-8 литргача сут беради. Жунидан тўқилган кийимлар оғриқ қолдириш хусусиятига эга. Ҳаётимдан ҳеч нолимайман. Ҳамма шароитимиз бор. Фақат юрт истиқболи учун меҳнат қилсак бас!

Дилноза АБДУҲАМИДОВА