Ҳадик йўқолади, ишонч ортади

Бахтли ҳаёт кечиришни ҳамма хоҳлайди. Аммо ҳаракатсиз натижа чиқмайди. Ота-онам менга доимо:“Келажагинг порлоқ бўлишини истасанг, аввало, мақсадни тўғри қўй ва унга олиб борадиган энг мақбул йўлни топ!” — деб уқтирарди.

Болаликдан тил ўрганишга қизиқдим. Негадир корейс тилига меҳрим бўлакча эди. Ўн олти ёшда танловда ғолиб бўлиб, Жанубий Кореяда ўқиш имкониятига эга бўлдим.
Президентимизнинг жорий йил 25 октябрда қабул қилинган “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ўқиб, чет элга кетишим билан боғлиқ жараёнлар бир-бир кўз ўнгимдан ўта бошлади.
Ўшанда яқинларимни фақат ўзга юртга ёлғиз кетаётганим эмас, у ердан қайтгач, дипломимнинг Ўзбекистонда тан олиниши билан боғлиқ масала, қолаверса, муносиб иш топа олиш-олмаслигим хавотирга соларди. Интилувчан, ташаббускор, лекин ҳали билимини ҳаётга татбиқ қилолмаган тенгдошларимнинг қанчаси тажрибасизлиги сабаб ишга киролмай, ортга қайтиб кетгани ҳам ҳақиқат. Лекин менинг эртанги кундан умидим катта эди. Танлаган йўлимдан қайтгим келмади.
Президент қарорига мувофиқ, давлатимиз ўзбек халқининг маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, уни жаҳон миқёсида ўрганиш ҳамда оммалаштириш, ўзбек тили, миллий анъаналарни сақлаш ва ривожлантириш борасидаги фаолиятимизни қўллаб-қувватлашини эшитиб, бошим осмонга етди. Сабаби илгари бундай саъй-ҳаракатлар рағбатлантирилмасди ҳисоб. Шу боис онда-сондагина учраб турган. Энди эса, бу борада илмий тадқиқот олиб бораётган ёки амалий ишлар қилаётган ватандошларимизнинг боши қовушади.
Қарорда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини оммалаштириш билан шуғулланадиган ташкилотларни қўллаб-қувватлаш борасида комплекс ҳамда узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги ҳам айтиб ўтилган. Ва бундан ҳам кўз юмолмаймиз. Бугун она тилимиз АҚШнинг тўртта олийгоҳида, қолаверса, Жанубий Корея ва Туркиянинг айрим университетларида ўқитилмоқда. Бироқ кутилган натижага ҳали эришилаётгани йўқ. Фикримча, қарор ижроси юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўрилса, ўзлигимизни намоён этувчи бадиий, тарихий асарлар, миллий қадриятларимизга оид маълумотлар хорижий тилларга таржима қилинса, кўзланган мақсадга, албатта, етамиз. Бу ўзбек тилини ўрганишга иштиёқмандларнинг кўпайишига хизмат қилса, ажаб эмас.
Юқорида мен ёш билан боғлиқ муаммони бежиз тилга олмадим. Ахир, яқин-яқингача юртимизда ўттизга кирмаган одамнинг раҳбарлик лавозимида ишлаши ноёб ҳодиса ҳисобланарди. Бугун-чи? Шукрки, қобиқни ёриб чиқяпмиз! Мустақил фикрига эга, элим, юртим, деб ёниб яшаётган билимли ёшларни давлат раҳбарининг ўзи атрофига чорламоқда, уларга имкон бермоқда.
Бундан буён хорижда ўқиб қайтган кадрларни ишга олишда ҳеч қандай муаммо бўлмайди, ота-оналар фарзандининг бегона юртларда қолиб кетишидан хавотирланмайди, деган умиддаман.
Айни пайтда Сеул фан ва технологиялар миллий университетида машинасозлик йўналиши бўйича таҳсил оляп­ман. Мақсадим мамлакат ривожига муносиб улуш қўшиб, соҳамда янгилик қилишдир. Аминманки, бу эзгу орзу-ният рўёби ўзини узоқ куттирмайди.

Акром АҲМАДЖОНОВ,
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг
Корея Республикасидаги аъзоси