Кадр — муҳим масала

Мамлакатимизда турли соҳаларда изчил ислоҳотларни амалга ошириш зарурати замонавий билим ва малакага, шунингдек, инновацион фикр­лаш қобилиятига эга мутахассисларга бўлган эҳтиёжни оширмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Қандай оғир бўлмасин, тан олишимиз керак, юртимиз равнақи учун энг зарур йўналишлар бўйича изланувчан, истеъдодли ёш кадрларни четда, ривожланган давлатларда ўқитишга мажбурмиз. Шунинг учун ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий ўқув юртлари, мамлакатимиздаги илмий марказлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан яқин ҳамкорликда самарали иш олиб бориши керак”.
Хўш, юрт равнақи учун керакли, салоҳиятли кадрларни етакчи хорижий таълим марказларида тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган янги жамғарма қандай ишларни режалаштирган? Шу каби долзарб саволларга Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжумани давомида жавоб топдик.

Илк қадам
— Асосий вазифамиз халқаро талаб­ларга жавоб бера оладиган, мамлакат нуфузини оширишга қодир кадрларга бўлган ўткир талабни қондиришдан иборат, — дейди “Эл-юрт умиди” жамғармаси директори вазифасини бажарувчиси Адҳам Бекмуродов. — Чунки айни пайтда барча соҳаларда малакали мутахассисларга эҳтиёж сезяпмиз. Ишни вазирлик ва идораларнинг хорижда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, илмий ва амалий тажрибага эга чет элдаги ватандошларимиз ҳамда хорижий экспертларни жалб этишга бўлган талабини ўрганишдан бошладик. 82 та давлат органи ва ташкилотдаги ҳолат таҳлил қилинди. Натижаларга кўра, хорижда докторантура ва магис­тратура таълим дастурлари бўйича ўқитишга дастлабки эҳтиёж минг нафардан, малака ошириш ва стажировкага эса, 2 минг 500 нафардан зиёд экани аниқланди. Бундан ташқари,

ХОРИЖДАГИ 600 НАФАРДАН ЗИЁД ВАТАНДОШИМИЗ ҲАМДА МИНГ НАФАРГА ЯҚИН ЧЕТ ЭЛ МУТАХАССИСИГА ЭҲТИЁЖИМИЗ БОР.

Демак, айни вақтда 5 минг нафардан зиёд малакали кадрга муҳтож­миз. Шу боис жамғарма нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорликда юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича самарали ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Ким фойдаланади, қандай Молиялаштирилади?

Жорий йил ҳисобидан жамғарма томонидан 500 нафарга яқин йигит-қиз дунёнинг 26 та мамлакатидаги 74 та ўқув ва илмий муассасага таълим олиш, малака ошириш ёки стажировка учун жўнатиладиган бўлди.
— Яна бир жиҳат, — таъкидлади А.Бекмуродов, — хорижга жўнатиш амалиёти тўлиқ давлат томонидан молиялаштирилмоқда. 2019 йилда шу мақсадда 45 миллиард сўм ажратиш режалаштирилган. Танловда охирги уч йил мобайнида хорижда таълим олмаган, ўзи танлаган мутахассислик бўйича, шунингдек, педагогик соҳада камида икки йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлган, 25 ёшдан 50 ёшгача бўлган мутахассислар иштирок эта олади. Жамғарма стипендиялари учун танлов магистратура ва докторантура учун тўрт босқичда, малака ошириш ва стажировка учун уч босқичда ўтказилади.

“Умид” ва “Истеъдод”дан фарқи нимада?

“Эл-юрт умиди”дан олдин ҳам юртимизда йигит-қизларнинг хорижда таълим олишида кўмаклашишга қаратилган жамғармалар фаолият юритганди. Лекин улар томонидан чет элга жўнатилган кўплаб ёшлар Ватанига қайтиб келмади. Бундай ҳолат такрорланмаслиги учун айни пайтда
ХОРИЖДАГИ ВАТАНДОШЛАРИМИЗНИНГ ЭЛЕКТРОН БАЗАСИ ЯРАТИЛМОҚДА.
Келаси йил январь ойида бу тизим онлайн режимда ишга туширилади.
Аҳамиятли томони шундаки, “Эл-юрт умиди” жамғармаси имкониятларидан нафақат талабалар, балки соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, иқтисодиёт ва бошқарув соҳаларида фаолият кўрсатаётган мутахассислар ҳам фойдаланиши мумкин.

Жавлон ВАФОЕВ