Оддий қўлқопнинг ҳам нозик жойи бор

Муштарий Одилова Тошкент давлат техника университетининг 4-босқич талабаси. У ўқиш баробарида илмий изланишлар ҳам олиб бормоқда. Тадқиқотлари натижаси ўлароқ, саноатда ҳамда қидирув-қутқарув ишларида қўлланиладиган брезент қўлқопларини ҳар жиҳатдан қулай ва чидамли бўлишини таъминлайдиган технологияни яратди.

Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги йўналишида таълим олаётган Муштарий ишлаб чиқариш корхонасидаги амалиёт чоғида ишчилар қўлқопларини модернизация қилиш кераклигини англайди. Бу мавзуни илмий таҳлил этишга уни устози, техника фанлари номзоди, доцент Лариса Петросова ундаган. Лойиҳа жорий йилда пойтахтимизда ўтказилган Халқаро инновацион ярмарка доирасида муносиб эътироф этилгани ҳам катта натижа.
— Қўлни ҳимоялаш учун мўлжалланган ҳозирги қўлқоплар бирмунча ноқулай, — дейди Муштарий. — Улар стандарт ўлчамда чиқарилади, шу боис иш вақтида турли предметларга илиниб қолиши ёки қўлдан тушиб кетиши мумкин. Статистик маълумотларга қараганда, кўпгина жароҳатланиш ҳолатлари айнан ҳимоя воситасидаги камчиликлар туфайли юзага келади. Биз яратган қўлқоплар эса, қон томирларини сиқмайди, тросс билан узоқ вақт ишланганда ҳам қўлга зарар етказмайди. Асосийси, таннархи арзон.
Муштарийнинг инновацион технологияси Беларусь ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган халқаро анжуманда юқори баҳоланди. Бундай иқтидорли ва интилувчан ёшларимиз билан фахрлансак арзийди.

Рисолат МАДИЕВА