ТАҚДИРИ АЗАЛГА ИСЁН омонатга хиёнат демак

Ўтган йили қўшни қишлоқдаги тенгдошимиз Гўзалнинг вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитиб, таажжубландим. Ақлим ожиз қолди: қандай қилиб, ахир, кечагина кўргандим-ку, туппа-тузук юрганди. Дугоналарига қараганда анча барваста, бироз жайдари ва куч-ғайратга тўла кўринадиган бу қизнинг тўсатдан вафот этиши менга жуда ғалати туюлди. Ўйлаб ўйимга етолмасдим…

Пешинга чиқарадиган бўлишди. Онам жанозага бориб келгач, чуқур ғамга ботди. Ўзига-ўзи алланималар деб ғулдирарди: “Тавба, ота-онаси, акасиям қизга жуда меҳрибон, оғзидан чиққанини муҳайё қиларди. Шундай эътибор оғушида яшаб ҳам нимадан бунча сиқилди экан? Нега ўзини осди? Гулдек қиз эди-я, бечора онаси адо бўлди…”.
Хуллас, Гўзал нима сабабдан жонига қасд қилгани аниқланмади, фақат эл олдида ота-онанинг боши эгилгани, хасталикка чалингани қолди, холос…
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, дунё бўйи­ча ҳар йили 5 миллионга яқин киши ўз ҳаётига нуқта қўяр экан. Шундан 350 минг нафари хитойлик, 55 минг нафари россиялик, 31 минг нафари америкалик, яна шунчаси япон… украин, француз ҳам кўп. Европа мамлакатларида суиқасд ҳолатлари қотилликдан тахминан уч баробар кўп учрайди. Ўзбекис­тонда бунчалик бўлмаса-да, ҳарқалай, жонига қасд қилаётган ҳамюртларимиз ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тез-тез тарқалмоқда.
Давлатимиз раҳбари жорий йил
27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчилик­ларни бартараф этиш масалаларига бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида биринчи ярим йилликда
2 минг 66 нафар юртдошимиз ўз жонига қасд қилганини таъкидлаганди.
Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мазкур ҳолатни Ангрен ва Оҳангарон шаҳарлари ҳамда Юқори Чирчиқ, Паркент, Ўрта Чирчиқ, Оҳангарон, Янгийўл туманлари мисолида ўрганди. Аниқланишича, суициднинг 17 фоизи 1980 – 1989, 35 фоизи 2000 – 2004, 48 фоизи эса, 1990 – 1999 йилларда туғилганлар ҳиссасига тўғри келган.
Ҳаёти сақлаб қолинганлар билан яқиндан суҳбатлар олиб борилди. Аксарият ёшлар атрофидагилар муомаласидан норозилиги, эр-хотиннинг бир-бирига ишончсизлиги, мобиль телефондаги турли суратлар, хабарномалардан таъсирлангани ёки севган инсони бевафолик қилгани туфайли худкушликни ечим сифатида танлаганини айтган.
Аслида юқоридаги важлар жуда оддий ва арзимасдир. Наҳотки, инсон онги шунчалик мўртлашиб, майда ижтимоий масалалар қаршисида ожизланиб қолган бўлса? Наҳот, ҳаёт дея аталмиш неъматдан бир зумда воз кечишга тайёр бўлсак?!
Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар концлагерларида сақланган маҳбуслар ҳаёти ҳақида китобларда ўқиган, кинофильмларда кўрган киши инсон яшаб қолиш учун қандай азобларга дош берганига лол қолиши, шубҳасиз. Энди ўйлаб кўринг, ўша давр муаммолари олдида бугунги рўкач қилинаётган масалалар қанчалик аҳамиятли?
Инсон бошига мусибат тушса, у албатта, вазиятдан чиқиш чораларини излайди. Баъзан имон-эътиқоднинг суст­лиги, сабрсизлик туфайли шайтонга ҳай беролмай, алал-оқибатда дард-­алам гирдобида ўз жонига қасд қилиши мумкин. Аслида эса, умр дея аталмиш омонатни асрай олмаслик мусибатдан халос этмайди, балки ундан-да катта мусибатга йўлиқтиради, холос. Чунки суицид Оллоҳ белгилаб қўйган тақдири азалга улкан исён демакдир.
— Динимизда ўз жонига қасд қилиш қаттиқ қораланади, — дейди Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси ходими Зай­ниддин Эшонқулов. — Аллоҳ таоло айтади:“…ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ айтадилар: “Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, қиёмат кунида ўша заҳари қўлида, уни ичган ҳолда жаҳаннам оловида абадий қолади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша темир парчасини қорнига суққан ҳолида жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким тоғ тепасидан ташлаб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини бирор нарсага уриб ўлдирган кимса, дўзахга ўзини уриб азоблайди. Ўзини ўзи бўғиб ўлдирган кимса, жаҳаннамда ҳам ўзини бўғиб азоблайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Назаримизда, бу муаммонинг бош сабаби — маънавиятсизлик. Чунки онг тўйинмаган, қашшоқ бўлса, идрок қилиш, мулоҳаза юритиш нафақат қийин, балки имконсиздир. Ота-оналар фарзандлари илму маърифатига, юриш-туришию хатти-ҳаракатига эътиборли бўлса, уни моддий таъминлашгина эмас, маънан бойитишга ҳам аҳамият қаратса, нур устига нур бўларди.
Умр барчамиз учун ўлчаб берилган неъмат. У кимнинг қай тарзда умргузаронлик қилишига боғлиқ. Ҳаётда чинакам бахтга эришиш мушкул, бу манзил олис, машаққатли. Аммо роҳати тотли. Бунга фақат ҳалол меҳнат, мақсад сари дадил одимлаш орқали эришиш мумкин. Ушбу бахт қас­ри эса, ранг-баранг гулларга, бахту саодатга бой. Ахир, қўшиқда ҳам бежиз куйланмаган-ку:
Эркалар кенг бағрида тинчлик,
фароғат бахш этиб,
Ранг-баранг гулларга тўлган зўр
гулистондир ҳаёт…

Отабек ИСРОИЛОВ, талаба