Шахматчиларимиз тарихга кирди

Туркиянинг Кўнё шаҳрида 16 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасида Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси якунига етди. Унда дунёнинг 39 мамлакатидан сараланган 250 нафарга яқин спортчи қатнашди.
Қувонарлиси, маҳоратли шахматчилар — Нодирбек Ёқуббоев, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов ва Ситора Сапаровадан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоаси нуфузли мусобақада юқори натижа кўрсатиб, олтин медаль билан юртига қайтди. Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидовлар ҳам олтин медални қўлга киритди.
Вакилларимиз сўнгги турда хитойлик рақибларни мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг олий поғонасига кўтарилди. Бу Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси тарихида ҳали бирон марта кузатилмаган ҳолат.
Ўзбекистонлик спорт усталари тўққизта турда фақат америкаликларга имкониятни бой берди. Шунга қарамай, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Украина, Венгрия терма жамоаларидан бир бош устунлигини намоён этиб, чемпионлик тожига эришганининг ўзи катта гап.

Ш.ЭРКИНОВ