Эртамиз эгаларининг йўлчи юлдузи

Рағбат инсонни юксалишга ундайди, мақсадларига қанот бағишлайди. Айниқса, мустақил ҳаётга эндигина қадам қўяётган, аммо ғайрат-шижоати ичига сиғмас, Ватанини дилдан ардоқлаб, унинг равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилишга тайёр йигит-қизларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муносиб эътироф этиш жуда муҳим.

Мустақилликнинг чорак асрлик тарихига назар ташланг. Ўтган давр­нинг биронта босқичи йўқки, сиёсий элита муҳим қарорлар қабул қилиш ёки долзарб масалалар ечимида ёшлар манфаатлари, фикру истак­ларини ҳисобга олмаган, тақдири учун куйиб-пишмаган бўлса. Чунки
минг-минглаб қоракўзларимизга бугун елка тутмасак, рози қилмасак, бунёдкорлик салоҳиятини юзага чиқармасак, улар эртанги куннинг ҳал қилувчи кучига айланиши амри маҳол. Бундай вазиятда буюк давлат, ёрқин келажак ҳақида ҳатто гапириш ҳам бефойда.
Яна бир ҳақиқатни унутмайлик: ҳеч бир замон ва маконда она Ватанига садоқатли, элим деб ёниб яшайдиган фидойи шахслар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Ушбу ноёб қатлам доимий эътибор, адолат ва бағрикенглик муҳитидагина шаклланади. Ўзбекистонда бунинг учун ҳамма шароит бор.
Муҳими, Президентимиз ёшларга ишоняпти. Бу сўзда эмас, амалда бўлаётган жараён. Мамлакат раҳбари ташаббуси билан 2017 йил 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тузилгани, мазкур ташкилот саъй-ҳаракати асосида ёшлар тадбиркорлигини ривож­лантириш, бандлигини таъминлаш, қолаверса, йигит-қизларимиз соғлом турмуш тарзини юритиши, илмий ва ижодий иқтидорини рўёбга чиқариши, халқ дипломатиясига таяниб халқаро даражадаги йирик тадбирларда ўзини намоён этиши, замонавий талабларга мослашган, инновацион фикрлаш тарзига эга раҳбар кадрлар сифатида тарбияланиши учун кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биргина “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури доирасида қилинаётган ишларнинг ўзи жамият учун нечоғлиқ аҳамиятли бўлаётгани, шахсий бизнесини очиш истагидаги ёшларга “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар орқасидан қанчалаб оилаларнинг турмуши яхшиланиб, ҳаётга муносабати буткул ўзгарганини ҳаммамиз кўриб-билиб, англаб турибмиз.
Мамлакатимизда ёшларнинг нафақат тадбиркорлик, балки бошқа соҳалардаги эзгу ташаббуслари ҳам рағбатлантирилмоқда. Бунга турфа кўрик-танловлар, таълим ва илмий грант дастурлари, махсус стипендия­лар мисолида ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Ёшлар учун бир қатор мукофотлар ҳам таъсис этилган. Жорий йилда уларнинг сони яна иккитага кўпа­йиб, илк бор қалби уйғоқ, жасур йигитларга “Мард ўғлон” Давлат мукофоти ҳамда ижтимоий ҳаётда фаол йигит-қизларга “Келажак бунёдкори” медали топширилди.
Ҳар йили Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши қарори билан бир гуруҳ ёшлар “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан ҳам тақдирланади. Бу анъана 1997 йилдан буён мавжуд.
Таъкидлаш керак, “Ўзбекистон белгиси” эртамиз эгаларига давлат миқёсида кўрсатаётган эътибор ва ишончнинг ёрқин ифодасидир. Катта саҳнада, гулдурос қарсаклар остида ҳавасга арзигулик инсонлар қўлидан мукофотни қабул қилиб олаётган нишондорлар, шак-шубҳасиз, бошқа тенгдошларига ибрат, намунадир.
Жорий йилда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони 41 нафар кишига насиб этди (қуйидаги рўйхатга қаранг). Улар орасида хорижий давлатлар фуқаролари ҳам бор. Бунақаси ҳали бўлмаган!
Тез кунларда пойтахтимизда мукофот соҳибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Умид қиламизки, кўксига қадалган шонли нишон ёшларнинг келгуси ҳаёт йўлини йўлчи юлдуздек ёритиб, янги зафарлар қучишига замин яратажак.

Роҳатой ҚОДИРОВА