Қанча қалов керак ўзи?!

— Қўшнижон, яхшимисиз, айланай? Кўришмаганимизга ҳам бир ҳафта бўлибди. Маҳаллада анча янгилик бор, сиз бехабар. Асосийсини айтсам, кенжам Нодиржонни ўқишга жойладик, бюджетга!

— Вой, қанақасига? Имтиҳон кеча топширилди, шекилли?!
— Мана шунақасига-да! Эртага кўрасиз, болам папкасини кўтариб институтга боради. Ҳа майли, муддаога ўта қолай. Неварамни боғчага бермоқчимиз. Тузукроғига. Сиз ишлаётган боғчани мақташди. Рус гуруҳлари ҳам бор экан. Шунга нима дейсиз?
— Ҳа, боғчамиз мақтаганларича бор. Казо-казолар узоқдан топиб келади бизни. Аммо рус гуруҳларимиз тўлиб бўлган-да. Майли, қаловини топсанг, қор ҳам ёнади, дейишади. Бизнинг давримизда жойлаб олинг. Душанба куни ўтинг, гаплашамиз. Сиздан угина, биздан бугина-да, ўргилай…
Қизиқ, ҳар бир ишни рисоладагидек битириш учун бизга қанча қалов керак ўзи?! Умуман, бундай ёндашув тўғрими, унинг илдизи қаерда? Таълим тизимига берилаётган эътибор натижасида тарбиячию педагогларимизнинг маошлари сезиларли даражада оширилди. Бироқ биз ҳалиям “угина-бугина”, деб ишимизни битириб юрибмиз.
Ота-оналар боғча ва мактабларда совун-сочиқдан тортиб, байрам тадбирию таъмир ишларигача пул йиғилаётганидан нолийди. Тарбиячини эшитсангиз, у ҳам ўзича ҳақ. Боғчада болалар билан машғулот ўтиш учун ўқув қуроллари берилмаслиги, ҳаммасини, ҳатто ўйинчоқларни ўзи сотиб олишга мажбурлигини айтади. Касбининг фидойиси бўлиш топган пулингни боғча эҳтиёжлари учун сарфлаш дегани эмас-ку, ахир!
Сўзимиз аввалида келтирилган воқеа мисолида айтиш мумкинки, мансабдор шахслар лавозимини суиистеъмол қилиши, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятини етарли даражада билмаслиги таълим соҳасида коррупциянинг кун сайин илдиз отишига сабаб бўлмоқда.
Юртимизда ана шу ижтимоий иллатга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. 2017 йил
4 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кучга кирди.
Коррупция ҳар қандай давлатни ичидан емиради. Жамият тараққиётига тўсқинлик қилади. Шу боис кўплаб мамлакатларда бу балога қарши жиддий кураш олиб борилмоқда. Масалан, Сингапур бундай саъй-ҳаракатлар эвазига қисқа вақт ичида Осиёнинг қолоқ мамлакатидан дунёнинг илғор давлатларидан бирига айланди. Ўз вақтида Сингапур ҳукумати коррупцияга қарши курашишга доир махсус дастур ишлаб чиқиб, барча мансабдорларнинг маошини оширган, суд ҳокимияти мустақиллиги таъминланган, пора олиш ва бериш учун жазони кескинлаштирган эди. Шу билан бирга, коррупциянинг ҳар қандай кўриниши ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб турувчи мустақил оммавий ахборот воситалари пайдо бўлди.
Хитойда эса, коррупционерларга умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси та­йинланади. Маълумотларга қараганда, 2003 йилдан бери бу мамлакатда 10 минг нафарга яқин мансабдор шахс отишга ҳукм қилинган, 120 минг нафари эса, узоқ муддатга қамалган.
Лекин жазолашгина муаммонинг ечими бўла олмайди. Фикримизча, коррупцияга мус­таҳкам тўсиқ қў­­йишни ҳар ким ўзидан бошлаши керак. Ҳар ишда ҳалоллик ва адолат мезонларига таянсак, муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади.

Муқаддас МУСАЕВА