Қишнинг “шўхлиги”

Ниҳоят, қиш ҳукмронликни ўз қўлига олди. Совуқдан эт жунжика бошлади. Қор ҳам ўз вазифасини ортиғи билан бажармоқда. Она замин оппоқ либосга бурканган. Ҳавода ўйноқлаётган қор парчалари кўча-кўй, дов-дарахтлар, иморатлар устига ёнбошлаб олмоқда. Арчанинг яшил туси ғашини келтирган чоғи, унинг япроқларини беркитишга уринмоқда.

Қор Қишга: “Энди бизнинг даври-даврон келди, ўзимизни бир кўрсатиб қўяйлик-а”, — деди. Икковлон уч фаслдан эсон-омон ўтиб олган табиатнинг жиғига тегар, лекин қанча шовқин-сурон солмасин, табиат сокин тин оларди.
Шу он Қор Қишнинг ёнига югуриб келиб:
— Ҳожам, бир жойни кўрдим, у ерда тумонат одам йиғилиб, базму жамшид қилмоқда. Узун йўлак ўртасига муҳташам арча ўрнатилиб, келинчакдек ясатилган, — деди.
— Йўғ-е, шундайми?! Тезда шамолни чақир, бизни ўша жойга элтиб қўйсин.
Шамол уларни бир пуфлаб тегиш­ли манзилга етказиб қўйди. Қор ва Қиш атрофни кузата бошлади. Ҳақиқатан ҳаммаёқ чиройли. Ранг-баранг чироқлар, пуфаклар, ял-ял ёнаётган арча ўйинчоқлари, ҳавода ҳилпираб турган турли тас­малар — барчаси кўзни қувнатади. Бу гўзалликни кўрган шоввозлар ҳайратдан “музлаб” қолаёзди. Нималар бўлаётганини билиш учун йиғилганларни сўроққа тутди.
Қиш пуфаклардан сўради:
— Ҳой, сен бу ерда нима қил­япсан?
— Янги йил байрамини нишонлаш учун келдим.
Рангли чироққа қараб:
— Сен-чи, нега бунчалик жон куйдирмасанг?
— Мен ҳамма байрам нафасини ҳис этишни ва бундан завқланишни истайман. Борлиқ турфа рангларда жило сочса қандай яхши-я!
Сўнгра Қиш арча ўйинчоқларига юзланди:
— Ҳой, муддаонгиз нима?
— Янги йил шукуҳини олиб келдик. Болалар бизни кўриб роса суюнди. Аслида бизга шу керак-да.
Барчани тинглаб бўлгач, Қиш чуқур ўйга толди, қилган безорилиги ва шўхлиги учун уялди. Кейин Қорга буюрди:
— Қани, Янги йил байрами янада файзли ўтишига биз ҳам ҳисса қўшайлик. Ахир, бу бизнинг ҳам шодиёнамиз. Тезда атрофни оқ тусга буркаб, оламга гўзаллик бахш эт. Ҳа, айтганча, тантанамизга Қорбобо ва Қорқизни чақириш эсингдан чиқмасин. Улар, албатта, совғалари билан келсин.
Мана энди, ҳаммаси ўз жойига тушди. Биздан эса, эски йилдаги гина-аразларни унутиб, яқинларимизни байрам билан қутлаш талаб қилинади, холос. Янги йил — оилавий байрам. Барчанинг юраги қувонч ва ҳаяжонга тўладиган кун. Бу кун нафаси яна бир йил кўнгилларни гўзаллик нурлари ила тўйинтирсин. Байрамингиз муборак бўлсин, азизлар!

Дилфуза АШУРБОЙ қизи