Индамаслар олами

Индамаслар оламин сайр айладим.
Сайр этиб мен бериё хайр айладим.
Энг ажаб олам экан бу олами,
Сайр қилсин бўлса ҳар кимнинг ғами.

Чустий ғазали

Тошкентдан уйга — Қўқонга қайтганимда отам ва яқинларим билан дийдорлашгач, ҳар сафар уйимиздан сал наридаги қабристонга йўл оламан. Тераклар икки қатор қилиб экилган узун кўчадан борар эканман, юрагим қадрли манзил томон ошиқади. Ўпкам тўлиб, бўғзимга нимадир тиқилади.

Ғиштин деворли қабристон эшиги. Оҳиста ичкарилайман. Ёз кунлари шундоққина кираверишдаги кичик гулзорда анвойи гуллар очилиб ётади. Оқ, қизил, сариқ атиргулларнинг иси атрофга таралади. Ҳозир эса, қиш. Ҳаммаёқ мунға­йиб қолган. Бўғотларда муз сумалакларнинг тумшуғи пастга осилган, артезиан сувидан кўтарилган ҳовур кўкка ўрлайди. Ғарч-ғарч. Бетон йўлак қорларини кураётган гўрковнинг қизлари кўзга ташланади.
Дунё қизиқ. Қабристон гўркови Акбар ака олти қиздан сўнг ўғил кўрди. Болакай опалари билан мана шу қабристонни обод қилиб катта бўлаётганди. Бироқ ёз пайтида болалик қилиб, ўйин ўйнаётганда бахтсиз ҳодиса сабаб нобуд бўлди. Ўшанда бир кам дунё деганлари шумикан деб қолгандим. Болакайнинг қабри ўлим ёш ва қари танламаслиги, умр ўткинчилигини эслатгандек бўларди.
Қори куралган йўлакдан қабрис­тон ораладим. Узун, бетон йўлак қабрис­тонни иккига ажратган. Чап тарафда аёллар, ўнг тарафда эркакларнинг қабр­лари. Иш-ўқиш билан бир неча ой деганда уйга қайтганим учунми, аввал кўрмаган, дўппайиб қолган янги қабрларга кўзим тушди. Дунё шунақа, одамлар келиб кетаверар экан.
Аввал бобомнинг ҳақига дуо қилдим. “Қаранг, бобожон, болалигимдан бош­қаларга қараганда яхши кўрадиган эрка набирангиз келди бугун”. Кейин эса, йўлакнинг нарига тарафига ўтдим. Онам­нинг сўнгги уйи олдида чўккаладим. Хўрсиниқ, йиғи бўғзимга қадалди. Тиловат қилишга тушдим.
Ортга қайтдим. Гўрков Акбар ака мени кўриб, қўлидаги қоркуракни ерга қўйди. Кўришдик. Усти ёпиқ айвондаги супага бориб, ўтганларнинг ҳақига дуо қилди. Юзга фотиҳа тортарканмиз, ўқиш­ларимни, ҳол-аҳволимни сўради. Ҳаминқадар жавоб бердим.
— Худога шукр, Акбар ака! Амаллаяпмиз.
— Омадизни берсин! Беҳзод (акам: муаллиф) келиб туради. Аҳаджон домла билан Зулфия опамларни қабрини эринмай тозалайди. Барака топсин! Ҳамма ҳам шунақа оқибатли бўлса экан?
Индамадим. Қиш ва қабристоннинг маҳзунлиги, сукунати менга ҳам ўтган. Авваллари қабристон деса, сесканиб кетардим. Ҳозир эса, ундай эмас. Гўё, юрагимнинг бир парчасини юлиб, шу ерга кўмишгандек. Қайта-қайта талпинавераман.
— Дарахтларга нима бўлди? — дейман қабристон четидаги мевали дарахтларни кўрмаганимдан.
Акбар ака алам билан бош чайқади.
— Э, Шерхон, нокас одамларам кўп-да! Анави “ёзувчи” қўшни маҳалладаги оқсоқоллар билан келиб, “дарахтлар қуриб, қариб қолган”, деб кесиб кетди. Нима эмиш, “Қабристонда мевали дарахт бўлмаслиги керак экан!”. Хўп кесаркансан, чинор, қарағайларни нега кесасан? Қуриган дарахт билан қуримаганининг фарқига бормайди бу виждонсизлар! Танаси бақувват, чиримаган эди-я! Пуллашди еб тўймаслар! Қиш кунида ўтин қилиб сотишди! Шундан ҳам пул қилади-я одамлар!
Оғриндим. Болалигим ёдимга тушди. Саратоннинг чилласида соя солиб турувчи дарахтларни кесиб ташлашганига жаҳлим чиқди. Болалигимни ўғирлашгандек бўлди.
— Маҳалла ҳеч нима демадими?
— Маҳалла “ёзувчи”дан қўрқади-ку! Етмаганидек, “домком” бўлса! Қўлида сохта бўлсаям, ҳужжати бор. Ўзига пишиқ бу! Ким нима дерди?
Акбар аканинг юрагида анча ҳасрат йиғилиб қолган экан. Борини тўкиб солди.
— Эҳ, Шерхон, қўрқиб кетяпман. Одамларнинг ўзгараётганидан, ёшларнинг маҳаллага аралашмаслигидан юрагим оғрийди. Мана шу қабристонда қанча қабр бор деб ўйлайсиз? Минглаб инсонлар ётибди бу ерда. Улар орасида эгасиз, анчадан бери зиёрат қилинмаганлари ҳам бор. Айримлар ҳаттоки, ота-онаси, яқинларининг қабри қаердалигини ҳам унутиб юборган. Қабрис­тон ҳужжатига қараб, уларга ёрдам бераман. Айримлари қабр тепасига келиб, уввос солиб йиғлайди. Бу яхши эмас. Марҳумнинг руҳи безовта бўлишини ўйламайди.
Суҳбатимиз узоқ чўзилди. Сўнг қабрис­тон ораладим. Онамнинг ёнида акам ва опамнинг биринчи муаллими ётибди. Муяссар хола яхши аёл эди. Дард уни саккиз йил тўшакка михлади. Сўнгги бор, ўқишга киришдан олдин қандайдир юмуш билан уйига борганимда ҳали соғайиб кетишини, ҳикояларимни ўқиб, фикрини айтишини айтганди. Начора, қисмат экан.
Жимжитлик зоҳир этган маконда бир сўз демай олға юрдим. Аллақандай қабр анча хароб бўлиб қолган. Кимники эди? Ҳа, эсладим. Уч ўғли бор аёлники. Ногаҳон кўз олдимда ясан-тусан қилиб, замонавий қўл телефони тутадиган, гап-гаштакларнинг “гул”и бўлган “уч баҳодир” гавдаланди. Ўзингга бино қўйишни, эътибор қилишни биласан-у, онанг қабрини абгор ташлаб қўйганинг нимаси? Беихтиёр ўша ғазал ёдимга тушади. Тилимга кўчади:
Баъзисин устида нақшинкорлик,
Санги мармарга битик ёдгорлик.
Эрми, хотинми, қарими, ёшми,
Ёки жодукўзми, қийғоч қошми?
Гўрковнинг айтганлари тўғри. Бир сафар Тошкентда, ижара уйда бирга турадиган танишимнинг бобоси оламдан ўтиб қолди. Марҳумнинг яқинларидан кўнгил сўраш учун таъзияга бордик. Сўнгги йўлга кузатиш олдидан ўн-ўн икки ёшлар атрофидаги бола қўлида катта патнис кўтариб дарвозахонада тўпланиб турган оломон олдига чиқди. Разм солсам, патнис тўла тасбеҳ, рўмолча… Бола эса, патнисдагиларни тарқата бошлади.
Таъбим хира бўлди. Эзгин, айқаш-уйқаш хаёллар тизгинидаги ўйлар хаёлимни чулғаб олди. Биз нега бундай бўлиб кетдик? Тўйларда дабдабабозлик бўлар эди. Ўзбекчилик деб чидадик, яхши кунида халққа эҳсон қилгиси, қувончини бўлишгиси келибди дедик. Аммо энди жаноза, таъзияда исрофгарчилик, риёкорлик қилинадиган пайтга келдикми?
Халқимиз суйган санъаткор, марҳум Обид Юнусов гавдалантирган “Таъзиядаги тўй” фильмини кўргансиз, албатта. Кўрмаган бўлсангиз, айтаман. Фильмда таъзиядаги дабдабалар, қишлоқ катталарининг ҳали тирик одамни ўлдига чиқариб, жанозани тўйдек ўтказиши, якунда эса одамлар олдида юзи шувут бўлиб қолиши акс этган.
Ҳаётда ҳам шунақа. Тириклигида меҳрга зор, вафот этган пайтда “эъзоз” топган, тупроққа қўйилгач, яна хорликка тушган кўп одамларни кўрдим. Омон бўлсангиз, умр йўлингизда яхшию ёмон, мунофиқу риёкор, ҳалолу нопок инсонлар ҳамроҳ бўлар экан. Акбар ака тўғри айтди: “Ҳаётлигида иккита иссиқ нон кўтариб, кўргани бормайди-ю, ўлганида элга ош беради. Ҳурмат топгиси келади. Ҳашаматли қабртош қўйдиради, лекин ақалли уч ойда келиб жимжимадор қабр­ни супуриб-сидиришга, марҳумнинг ҳақига тиловат қилишга ярамайди”.
Таассуфки, орамизда нафас олса-да, руҳи ва жисми ўлик кимсалар кўп. Ахир, қабрларни зиёрат қилмоқ ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверингиз, зеро, у сизларга охиратни эслатади ”, деб бежиз марҳамат қилмаганлар.
Қабристондан чиқарканман, ортга — “индамаслар олами”га назар ташладим. Ўлим ҳақ! Ким олдин, ким кейин кетишини Яратгандан ўзгаси билмайди. Билъакс, шундай экан, бу ҳаётда яхшилик қилиб, солиҳ ва солиҳа инсон бўлиб яшаш муҳим!
Ота-она руҳин эсла, шод қил,
Яъни, ётган масканин обод қил.
Кўз очиб бу ўю бу фикрат билан,
Ташқари қўйдим қадам ҳайрат билан.

Шерзод МАҲМУДОВ