Мен индамасам, сен индамасанг…

Таҳририятимизга етмиш ёшлар атрофидаги отахон келди. Айтишича, нафақа пулини олиш учун Жомбой туманидаги “Арчазор” хиёбонида жойлашган почта алоқа бўлимига тез-тез келиб тураркан.
— Ҳар гал хиёбонда изғиб юрган дайди итлардан ҳайиқиб ўтаман, — дейди у киши. — Кейин билсам, йўлнинг икки четидаги ариқчага атрофдаги ошхоналардан озиқ-овқат чиқиндилари ташланар, бу эса дайди итларни жалб қиларкан. Наҳотки, бу ҳолат ҳеч кимни ташвишлантирмаса? Қолаверса, шу жой яқинида болалар боғчалари ҳам бор…

Отахоннинг сўзларида жон бор эди. Ҳақиқатан, биз ҳам шунга ўхшаш ҳолатларнинг гувоҳи бўлганмиз. Хусусан, туман марказидан 46-умумтаълим мактабига олиб борадиган Баҳористон кўчасида ҳам шу аҳвол.
Яқинда туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш, туман ветеринария бўлими томонидан эса, қутуришга қарши кураш ойликлари ўтказилганди. Аммо вазият ўзгармади. Ахир бундай тадбирлар комп­лекс характерга эга. Яъни, гап фақат ҳайвонларни эмлаш, эгасизларини тутишдан иборат эмас. Чиқинди тозалаш тизими ҳам тартибга олинмас экан, бу ҳолат ўзгармай қолаверади. Фикримча, соҳага алоқадор ташкилот мутасаддилари ўз қобиғидан чиқиб, атрофга теран назар ташламас экан, муаммо ечим топмайди. Баъзан қайсидир ташкилотга мурожаат қилсангиз, “Бу бизнинг вазифамизга кирмайди” қабилидаги жавобларни оласиз. Лекин ўз вақтида бартараф этилмаган кичик камчилик ҳам вақти келиб тузатиб бўлмас оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Сўзимиз исботи сифатида тарихга юзлансак.
ХV асрнинг сўнгги чораги. Британия, Ирландия, Кельт, Каталония ва Испания шаҳарларида “қора ўлат” касаллиги тарқалди. Оммавий эпидемия бир неча ҳафтада юз минглаб одамнинг ёстиғини қуритди. Бунга мазкур шаҳарларда санитария-гигиена қоидаларининг қўпол равишда бузилгани, чиқинди тозалаш тизимининг издан чиққани сабаб бўлди. Мутахассисларнинг қайд этишича, инсоният бу қадар катта йўқотишга ҳали учрамаган экан. Европа аҳолисининг учдан бир қисми хасталик оқибатида қирилиб кетган.
1985 йил, Ҳиндистон. Агра, Гужарот, Аҳмадобод шаҳарларида қутуриш эпидемияси авж олди. Чиқиндихоналар атрофида изғиб юрган дайди итлар, каламуш ва сичқонлар касалликнинг асосий манбаи экани қайд этилди. Касалликка қарши вакцинанинг ҳаддан ортиқ қимматлиги сабаб оддий халқ тиббий хизматлардан фойдалана олмади. Хасталикка чалингани аввалдан гумон қилинган беморларнинг атиги 2 фоизи сақлаб қолинди, холос. Қурбонлар сони миллионларга етди. Уларнинг катта қисмини болалар ташкил этган.
1999 йил, Париж. Шаҳардаги 13 та умумий овқатланиш шохобчаси овқатдан заҳарланиш қайд этилгани сабаб ёпиб ташланди. Аниқланишича, бу тамаддихоналар чиқинди тўпланадиган пристан билан битта шамол йўналишида жойлашган экан. Воқеа оқибатида мингдан ортиқ киши жабрланган.
Ва ниҳоят, 1892 йил, Тошкент. Шаҳар озодалигининг рисоладагидек ташкил этилмагани, дафн иши талабларининг бузилиши, маҳаллий бозорлардаги антисанитария ҳолати вабо касаллиги тарқалишига сабаб бўлди. Натижада, Марказий Осиё тарихидаги энг йирик қўзғолонлардан бири — “Вабо исёни” кўтарилди. Шаҳарнинг ярми эпидемиядан қирилган бўлса, қолган қисми собиқ тузум ҳукумати тўпларидан қурбон бўлди.
…Ўтмишда йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқариш учун ҳам инсоният тарихни ўрганиши керак, деган ўгит бор. Бугун ўз масъулиятимизни фақат ҳисоботлардагина бажариб, муаммо пайдо бўлганда айбни бир-биримизга ағдараверсак, эртага юқоридаги машъум касалликлар бизга ҳам чанг солмайди, деб ким кафолат бера олади?
Келажак сари дадил одимлаётган, кундан-кун гўзаллашиб бораётган шу замин — бизники. Унда оиламиз, фарзандларимиз, яқинларимиз яшайди. Шундай экан, масъ­улиятимизни унутмайлик!