Оилангизни асранг!

Халқимизда “Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади”, деган ажойиб нақл бор. Бунинг замирида оила шаъни, тинчлиги улуғланиб, эр-хотиннинг бир-бирини тушуниб, фарзандлар тарбиясида якдил, оқилона қарорлар қабул қилишига ишора мужассам. Аммо ўзаро тушунмовчилик, уруш-жанжаллар оила мустаҳкамлигига путур етказади.

Доимий тазйиқлар таъсирида улғайган болалар эртага соғлом фикрли инсон бўлиб етиши даргумон.
Ҳафталик доирасида Республика Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлими, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, ФҲДЁ бўлими ходимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вакиллари ажрашиш остонасида турган ёш оила вакилларининг оилавий шароити, мавжуд сабабларни атрофлича ўрганиб чиқди. Учраётган салбий иллатларнинг олдини олиш борасида чекка туманларда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва Ёшларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатиш маркази мутахассислари томонидан ажрим ёқасида турган ёш оила вакиллари учун “Психолог қабули” ташкил этилди.
Шофиркон туманида маҳалла раисларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ҳамда мактаб психологлари учун “Муваффақиятга эришиш сирлари”, “Ажрим ва унинг салбий оқибатлари” каби мавзуларида психологик тренингларда учраётган муаммолар таҳлил қилиниб, уларнинг ечими борасида таклифлар ўртага ташланди. Тадбирлар доирасида ёшлар билан бевосита ишлайдиган мутахассисларга оғир вазиятдаги ёшлар билан ишлаш, уларнинг кўнглига йўл топиш ҳамда соғлом ҳаётга қайтариш сирлари ўргатилди.
Қоровулбозор туманида эса, ишчи гуруҳ профилактик рўйхатда турадиган 20 нафар вояга етмаган ёш билан суҳбатлашди. Мутахассислар ёшларнинг муаммосига қулоқ тутиб, уларнинг ҳар бири жамият учун керакли эканини, ҳаётдаги ўрнини топиб олишида кўмаклашишга шай эканини айт­ди. Ҳаётий муамолар сабаб тушкун ҳолатга тушган ёшларнинг келажак ва атрофдаги инсонларга бўлган фикри ижобий томонга ўзгарди.
Шунингдек, тажрибали психологлар худудлардаги учрашувлар давомида ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбатлашди. Зиддиятли вазиятдаги ёшларга оиланинг муқаддас қўрғон, ўткинчи ташвишлар эса, инсон учун синов экани тушунтирилди. Тадбирлар бесамар кетмади, албатта.
Хусусан, вобкентлик Ҳусан Жўраев ҳам оиладаги арзимас кичик муаммолар туфайли ажрашмоқчи эди. Учрашув давомида психолог ва мутасаддилар томонидан унга оила муқаддас экани, айниқса, мурғак қизининг келажаги отанинг бугун қабул қиладиган қарорига боғлиқлиги тушунтирилгач, у ўз қарорини ўзгартирди.
Қайнона-келин муносабатларининг ёмонлашуви сабаб Ҳамидовлар оиласидаги нотинч ҳолат ўрганилиб, муаммо бартараф этилди. Психолог томонидан ёш эр ва хотин бир-бирини тушуниб, мустаҳкам оила бўлгунига қадар вақтинчалик ижара уйга чиқиш таклифи ёшларга ҳам, оила катталарига ҳам маъқул келди. Кун давомида 50 га яқин оила вакиллари билан суҳбат ўтказилиб, ижобий натижаларга эришилди.