“Элга нафим тегса, дейман”

Жамият ривожи, юрт ободлиги бевосита шу мамлакатдаги тадбиркорлар фаоллиги, жонкуярлиги билан ҳам боғлиқ. Бу оддий ҳақиқатни бобомиз Амир Темур “Тижорат аҳли ила дунё ободдир” дея ифода этган эди.

Мамлакатимизда тадбиркор, фермер ҳамда ҳунармандлар фаолияти юрт ободлиги, унинг иқтисодий салоҳиятини таъминлашда ҳал қилувчи куч бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти соврини учун анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ташаббус — 2018” кўрик-танловининг якуний босқичи натижаларини кузата туриб ҳам бунга амин бўлган эдим.
Танловда “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” деган юксак эътирофга Тошкент шаҳридаги “Azr-Textile Group” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азизжон Зоиров сазовор бўлган эди. Унинг фаолияти, амалга оширган ишлари билан танишиб, беихтиёр “Ҳа, рағбат бор жойда ҳикмат, эътибор бор жойда юксалиш бўлар экан”, дейсиз.
Азизжон Зоиров Тошкент давлат қурилиш ва архитектура институтида ўқиб юрган кезларидаёқ, унда тадбиркорлик қилиш иштиёқи туғилганди. Олийгоҳнинг “Қурилиш материалларини конструкция қилиш” факультетида таҳсил олаётган Азизжон ўз соҳасидан узоқлашмаган ҳолда ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи бўлди. Дастлаб у турли ўқув-курс ва семинар-тренингларда бу борадаги билимларини мустаҳкамлади. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб, режалар тузди. Барча моҳир тадбиркорлар каби рақобатчилари позициясини ўрганди, турли чекловларга ўралашиб қолмай, бутун эътиборини таҳлилга қаратди.
Тадбиркорлик фаолиятини қурувчилар учун махсус кийим-кечак ишлаб чиқаришдан бошлади. Тўқимачилик институтида таҳсил олаётган дизайнер қизлар билан бирга янги моделлар устида ишлади.
— Энди иш бошлаган пайтимизда биз яратган моделлар мижозларга ёқмади, –– дейди қаҳрамонимиз. –– Уларни бироз ўзгартириб, арзон нархда, айрим ҳолларда зарарига ҳам сотишга тўғри келди. Албатта, бозор иқтисодининг “рақобатбардош­лик” деган қоидаси бор. Бунга амал қилмаган, чидамаган киши ўз ҳақини ажратиб ололмайди. Кейин биз янги моделлар устида иш олиб борар эканмиз, барча стандартларга жавоб берадиган янги технологияларга эҳтиёж сездик. Аввалига беш-олтита эски тикув машинасида иш бошлаган бўлсак, айни пайтда оёқ кийим қўядиган, махсус бош кийим учун қолип тайёрлайдиган, кийимларга турли тас­вирларни туширадиган қирқ бешга яқин замонавий ускуналаримиз бор. Корхонада 28 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.
— Ҳозирги кунда бир ойда 2 минг 500 та махсус кийим-кечак, 4 минг жуфт оёқ кийим, 10 мингта махсус бош кийим ишлаб чиқаряпмиз, — дея давом этади А.Зоиров. — “Ўзбекис­тон темир йўллари”, “Ўзтелеком” каби йирик корхона ва ташкилотлар, “Аrtel”, “Pepsi” савдо белгилари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.
Бозор талаблари жуда тез ўзгаради. Ҳар қандай талаб, оптималлаштириш ва янги кашфиётларга тайёр туриш тадбиркорни муваффақият сари етак­лайди. Маҳсулот ва хизматларга талабни ошириш ва мижозлар эҳтиёжини қондириш иштиёқи Азизжонни бир зум бўлса-да тинч қўймайди. У турли жойларда фаолият олиб бораётган бир нечта кичик корхоналарини бир жойга тўп­лаб, катта бир фабрика барпо этиш ниятида. Ташкил этиладиган янги фабрикада 150 тадан ортиқ иш ўрни яратилади.
Иш рентабел бўлгунига қадар бироз вақт талаб этилади. Албатта, турли қийинчиликлар бўлади. Табиатан курашувчан бўлган Азизжон бундай синовлардан чўчимайди. Унинг ютуғи янги ғояларни ҳаётга тадбиқ этиш ва тинимсиз меҳнат қилишида. Бирон ғояни амалга оширишда вужуд­га келадиган тўсиқлар уни асло тўхтатолмайди. Ўзида доимо куч-ғайрат топа олади. Мижозларини ҳурмат қилади. Истеъмолчиларни диққат билан ўрганади. У маҳсулотидан фойдаланувчилар қандай муаммоларга дуч келаётганини тушунишга ҳаракат қилади.
— Рақобатчиларимиз кўп, албатта, — дея таъкидлайди Азизжон. –– Бизнинг ютуғимиз –– махсус кийим, бош кийим ва пойабзалга буюртмани бир жойда бериш имконияти яратилганида. Бу эса мижозлар учун ортиқча вақт сарфланишининг олдини олади.
Биз одатда тадбиркорнинг эришган ютуқлари, саноқдаги рақамлар билан чекланиб қўяқоламиз. Аммо унинг кундалик ҳаёти, ўй-ташвиш­лари билан кўпинча қизиқмаймиз. Биз эса, А. Зоировнинг бўш вақтини қандай ўтказишига қизиқдик. Ҳамиша кирим-чиқим, фойда ва зиён устида, катта иқтисодий муҳитда ўз ўрнини сақлаб қолиш ташвиши билан юрадиган кишининг бўш вақти бўлармикан ўзи?
— Яхши дам — меҳнатга ҳамдам, — дейди у. — Бўш пайтларимда оилам билан балиқ овига бораман. Хотиржам, сокин табиат бағрида янги ғоялар туғилади. Менимча, кўп нарсаларни инсонлар табиатдан олади. Нима бўлганда ҳам мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшсак, деймиз-да…
Азизжон Зоировнинг бу самимий сўзлари замирида оддий ҳақиқат бордек туюлди: инсон ҳаётга талпиниб, ундан ўрганиб, улгу олиб яшаши зўр саодатдир. Айниқса, кимгадир фойданг тегса…