ҒОЛИБЛИК НАШИДАСИ

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 9-15 январь кунлари XV халқаро Жаутиков олимпиадаси ўтказилди

Физика-математика, информатиrа фанлари бўйича ўтказилган ушбу олимпиадада 18 давлатдан 540 нафар ўқувчи иштирок этди. Олимпиадада муносиб ютуқларни қўлга киритган юртимиз ёшлари Тошкентга қайтиб келди.
Ғолиб ёшларимизни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кўксимиз тўла севинчу хушнудлик билан кутиб олдик. Айниқса, устозларнинг, ота-оналарнинг қувончу ифтихорларини сўз билан таърифлаш мушкул. Фурсатдан фойдаланиб, Бухоро вилоятидаги Қоракўл академик лицейи директори Ғолибжон Жумақуловни суҳбатга тортдик.
— Ушбу халқаро олимпиадада Ўзбекистондан 22 нафар ўқувчи қатнаш­ди. Юртимиз ёшлари битта олтин, учта кумуш, еттита бронза медалларини қўлга киритишди. Ҳозир қувончим кўксимга сиғмаяпти. Айниқса, Россия, Америка, Туркия ёшлари билан бўлган муросасиз ақл жангида ўқувчиларимиз буюк аждодларимизнинг издошлари эканини яна бир бор исботлади.

Қоракўл академик лицейи ўқувчиси, олтин медаль соҳиби Аббосжон Сайлиевнинг кўзларида порлаб турган чўғда келгусида бўй чўзадиган улкан умид дарахтининг сувратини кўргандек бўлдим.
— Бувим ҳар доим “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш” дердилар. Халқаро олимпиадада олтин медаль соҳиби бўлиш – мен учун катта бахт. Бу ғолиб­ликни қўлга киритишда устозларимнинг меҳнатини алоҳида қадрлайман. Барча тенгдошларимга мана шундай ютуқларга эришишида муваффақиятлар тилайман.
Суҳбатга яна бир жонкуяр устоз, физика-математика фанлари номзоди, Тошкентдаги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги С.Сирожиддинов номидаги академик лицей директори Қаҳрамон Ибодуллаевни чорладик.
— Дунё бўйича нуфузли XV халқаро Жаутиков олимпиадасида Ўзбекистон ёшлари қозонган муваффақият бутун халқимизни севинтирди, десам муболаға бўлмайди. Бизнинг ўқувчиларимизнинг битта олтин, учта кумуш, еттита бронза медалини қўлга киритиши, албатта, бу катта ифтихор бўлиши билан бирга, юртимизда иқтидорли ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва эътирофнинг яққол натижасидир. Ҳали, Ўзбекистон ёшлари улуғ аллома боболаримиз каби жаҳонни кўп марта ҳайрат ва ҳаяжонга солаверади.
Навқирон нигоҳларида ғалаба нашидаси порлаётган, яна бир олимпиада ғолибининг сўзларини ёзиб олдик.
— Мен Тошкентдаги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги С.Сирожиддинов номидаги академик лицейнинг 3-босқич ўқувчиси Отабек Ҳасановман. Олимпиадада физика фани бўйича иштирок этдим. Ақл ва заковат курашида бронза медалини қўлга киритдим. Келгусида барча тенгдош­ларимга Ватанимиз байроғини баланд кўтаришида омад ва ғалабалар тилайман.
Биз ҳам ўткир зеҳн, заковат ва истеъдодлар маскани бўлган Ватанимиз осмонида, мана шундай миллатимизнинг ифтихори, қалбимизнинг қувончи бўлган порлоқ юлдузларимиз янада юксак, қуёшдек нур сочиб порлайверсин, деймиз.

Озода БЕКМУРОДОВА,
ЎзА мухбири