Қанча тез бўлса, шунча яхши

Жамиятимизнинг бугунги ҳолати менга уч яшар жиянимни эслатади. У жуда зийрак. Нимани қилсанг ёки гапирсанг, зумда илиб олади. Ёш болага ақл ўргатиш ҳам, алдаб, измингга бўйсундириш ҳам осон. Шунга қарамай, вақти келганда муроса қилмай иложинг йўқ!

Нега бу мавзуда гап очилди, нега бунчалик кескин фикр билдирил­япти, деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Чунки айни паллада биз, Ўзбекистон аҳли, каттаю кичик — ҳамма синовли дамларни бошдан кечиряпмиз. Ўзига хос ўтиш даври бу. Одамлар онгида ҳақиқий трансформация рўй бермоқда. Бўлмаса-чи, ахир, давлат ўз-ўзи ва, албатта, жамиятнинг олдига улкан вазифалар қўймоқда.

КЎП НАРСАЛАРГА БОШ­ҚАЧА ҚАРАШ, ФИКРЛАШ ТАРЗИНИ ЎЗГАРТИРИШ, АНЪАНАВИЙ ЁНДАШУВЛАРДАН ВОЗ КЕЧИШ, ДАВР ТАЛАБЛАРИГА МОСЛАШИШ, МУРАККАБ МАСАЛАЛАРГА НООДАТИЙ, ЛЕКИН ЖУДА ТЕЗКОР ЕЧИМЛАР ТОПИШ, ЯНГИЛИКЛАРДАН ҚЎРҚМАСЛИК МУҲИМ БЎЛИБ ҚОЛДИ. ЖУДА МУҲИМ!

Юртимизни ҳал қилувчи аҳамиятга эга кўпгина соҳалар бўйича олдинга олиб чиқишнинг бундан бош­қа имкони йўқ. Кечагина инновацион тараққиёт йўлига ўтганимизни, мамлакат иқтисодий фаровонлигини ҳалол, халқ манфаатларига қаратилган ва қайсидир маънода, ватанпарварлик руҳидаги тадбиркорлик билан чамбарчас боғлаганимизни маълум қилган бўлсак, мана энди, янги — 2019 йил остонасида Президентимиз Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида фаол инвестицион сиёсат ҳамда ижтимоий ҳимоя Ўзбекистон учун биринчи даражага чиққани ойдинлашди.
Албатта, йилга қандай ном бериш, сиёсатни қайси ўзанга буриш, нимага бирламчи эътибор қаратиш юқори доирада ҳал бўладиган масала. Шу боис Ўзбекистон жамоатчилигини яқин истиқболда кутаётган жиддий ўзгаришлар ҳақида айнан давлат раҳбари огоҳлантирди. Янги йилга қандай режа-мақсадлар билан қадам қўйганимиз, улар нималар эвазига рўёбга чиқарилиши, асосийси, пировардида қандай натижаларни қайд этишимиз мумкинлиги аниқ-тиниқ ифодалаб берилди. Ҳаммаси яхши, ҳаммаси рисоладагидек…
Лекин

ОДДИЙ ОДАМЛАР ҚАЛБИДА ҚИЛИНАЖАК ИШЛАР ФАҚАТ СИЁСИЙ ЭЛИТА ФОЙДАСИГА ХИЗМАТ ҚИЛСА-ЧИ, ДЕГАН ҲАДИК ҲАЛИ ҲАМ УЙҒОҚ.

Чунки кўп йиллар давомида халқ ижроия ҳокимият вакиллари — амалдору амалдорчалар, масъулу мутасаддиларнинг маккор алдовларига чув тушиб келди, тилда бошқаю дилда бошқа қабилидаги иш тутуми, коррупция ва ваъдабозликдан тўйганмиз! Чарчадик жуда! Энди ҳам юрт сарбони жон куйдириб айтаётган гаплар ҳавога учмасин, қанчалаб содда ва самимий инсонлар елкасига офтоб тегдирадиган эзгу ташаббуслар қоғозда қолиб кетмасин, муҳтарам ҳокимларимиз, турли даражадаги раҳбарлар, депутат ва сенаторлар қулоғига қўрғошиндек қуйилсин деймиз.

ИСТАГИМИЗ, УМИДИМИЗ ВА ҲОЗИРЧА АРМОНИМИЗ ШУ.

Фикримизга эртанги кунини мамлакат тақдири билан чамбарчас боғлаган, Ватан корига камарбаста миллионлаб ёшлар ҳам қўшилишига шубҳа йўқ. Чунки уларнинг ичидамиз, ҳар куни ўзаро суҳбат қуриб, фикр алмашамиз. Ўша қоракўзларнинг зийрак нигоҳларидаги маъноли ифодалар, овозидаги титроқ ортида яширинган беғубор хоҳиш-истаклар, бир қарашда илмоқли, бир қарашда эътирозли, аммо нима бўлганда ҳам, яшашга ҳақли таклиф-мулоҳазаларни биринчилардан бўлиб биз, журналистлар илғаймиз, ҳис этамиз, тафаккур чиғириғидан ўтказамиз.

НАВҚИРОН АВЛОД ВАКИЛЛАРИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗГА ИШОНАДИ.

Шавкат Мирзиёевни ўзи учун эталон сифатида кўраётган ёшлар ҳам талайгина. Табиийки, уларни бугунги ислоҳотларнинг потенциал давомчилари, хайрихоҳлари, деб аташ мумкин. Лекин бу салмоқ жиҳатдан ниҳоятда катта ижтимоий қатламнинг бир қисми, холос. Яна бир қисми аламзада кайфиятда. Мазкур контингент на ўзининг ва на мамлакатнинг келажаги ҳақида аниқ тасаввурга эга. Шундай эса-да,

МАҚСАДСИЗ ЮРГАН ЁШЛАРДАН ЮЗ ЎГИРИШГА, БЕПАРВОЛИГИГА ҚЎЛ СИЛТАБ КЕТИШГА ҲЕЧ КИМНИНГ ҲАҚҚИ ЙЎҚ. УЛАР ҲАМ ЖАМИЯТИМИЗНИНГ АЪЗОСИ, АХИР.

Дарвоқе, жамиятимиз ҳақида. Тараққиётнинг янги босқичига ҳатлаган биз — Ўзбекистон фуқаролари кечагидек боқибеғам, боқиманда, ўзибўларчилик кайфиятида юролмаймиз энди. Сабаби ўзгаришлар тўлқини ғоят шиддаткор. Зийрак, фаол, ҳозиржавоб бўлмасанг, ҳаммадан орқада қолиб кетишинг турган гап. Ўзгаришлар силсиласига дош бермоқ учун ҳам мислсиз куч, матонат керак, азизлар! Иккиси-да сўздан амалга ўтилгандагина пайдо бўлади.

БУНИ МИЖОЗНИ АВТОУЛОВИГА МИНДИРИБ ОЛИБ, КЕТА-КЕТГУНЧА БЕНЗИН НАРХИНИНГ ОШГАНИЮ ЙЎЛЛАРНИНГ носозлиги, АМАЛДОРЛАРНИНГ НОИНСОФЛИГИДАН НОЛИШГА ОДАТЛАНГАН МУҲТАРАМ ТАКСИ ҲАЙДОВЧИЛАРИ ҲАМ, МАКТАБДАГИ КОРРУПЦИЯ, “МАЖБУРИЙ ОБУНА” ВА ҚОҒОЗ ТЎЛДИРИШ ДАҲМАЗАСИДАН ҚУТУЛОЛМАЙ, БОШИНИ ЧАНГАЛЛАБ ОЛИШДАН НАРИГА ЎТОЛМАЁТГАН МЕҲРИБОН ЎҚИТУВЧИЛАРИМИЗ ҲАМ, ҚЎЙИНГКИ, КАБИНЕТДАН ЧИҚИШГА ҲАФСАЛА ҚИЛМАЙ, ЮМШОҚҚИНА КУРСИСИДА ЎТИРИБ ОЛГАНЧА ҚЎЛ ОСТИДАГИЛАРНИНГ ЁЛҒОН-ЯШИҚ ҲИСОБОТЛАРИ АСОСИДА ҲУДУД АҲОЛИСИНИНГ “ТАҚДИРИ”НИ ҲАЛ ҚИЛИБ ҚЎЯЁТГАН ҲОКИМТЎРАЛАРИМИЗ, ХУЛЛАС, КАТТАЮ КИЧИК — ҲАММА-ҲАММА ЯХШИ УҚИБ ОЛМОҒИ ДАРКОР!

Мана шунда мамлакат жон томирлари — иқтисодиёт тармоқларини инвестициялар билан тўйинтириш, ижтимоий ҳимоя бўйича ишчан ҳамда ишончли механизмни яратиш нима учун зарурлиги, бу тадбирлар, аввало, халқ манфаатларини кўзлаб қилинаётгани, уларнинг сифат ва самарадорлиги эса, ҳар биримизга боғлиқ эканини теран англай оламиз. Қанча тез бўлса, шунча яхши.

Наргиза УМАРОВА