Ҳуқуқий маданият юксалади

Мирcаид йўлини тўсиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжат сўраган ички ишлар ходимига: “Мен ҳам Ўзбекис­тон фуқаросиман! Сиз билан тенг ҳуқуқлиман”, — деб унинг айтганини бажармади. Хизмат вазифасини ўтаётган ходим эса, босиқлик билан муомала қилиб, маълум сабабга кўра ҳудудда рейд бўлаётганини айтди. Аммо Мирсаид айтганида туриб олди. Ички ишлар ходими қанчалик вазминлик билан вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилса-да, Мир­саид шунчалик ғурурланиб, ўзининг ҳақлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Ички ишлар ходимини жамоат олдида ҳақорат қилди. Шу тариқа у хизмат вазифасини ўтаётган ходимга бўйсунмаганлик ва уни ҳақорат қилгани учун жавобгарликка тортилиб, яхшигина жарима тўлади. Шунда ҳам Мирсаид ўз хатосини тушуниб етган деб ўйлайсизми? Менимча йўқ. Сабаби оддий. У ички ишлар ходимининг талабини бажариш кераклигини билмайди. Шу боис қонун ҳимоячилари ноўрин жазолади, деб ҳисоблаши ҳам мумкин.
Кундалик ҳаётимизда эса, бундай воқеаларга кўп дуч келамиз. Буларнинг барчасига ҳуқуқий маданиятимизнинг пастлиги сабаб. Оқибатда керакли вақтда ўз ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қила олмаймиз. Баъзида Мирсаид каби жиддий хатога йўл қўямиз. Ҳар икки вазиятда ҳам ўзимиздан эмас, жамиятдан норози бўламиз.
Президентимиз жорий йил 9 январь куни имзолаган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони айнан шу бўшлиқни тўлдиришга хизмат қиладиган тарихий ҳужжат, десак асло муболаға бўлмайди.
Тан олиш керак, шу вақтгача жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва айрим давлат органларининг иши сифатида қараб келинган. Оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти каби бошқа институтларнинг иштироки деярли таъминланмаган. Бир сўз билан айтганда, йиллар давомида муаммолар йиғилиб қолган. Хусусан, ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришда шахсий ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғоясини аҳоли онгига сингдириш ишлари етарлича олиб борилмагани қонун устуворлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётган эди.
Халқимиз доим фарзанд тарбиясини ҳали у туғилмасдан бош­лаш кераклигини таъкидлайди. Ҳуқуқий маданият ҳам ўша тарбия билан баробар олиб борилиши мақсадга мувофиқ. Негаки, таълим-тарбиянинг асосий бўғинидан бири ҳуқуқий маданият экани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур фармонда ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конс­титуцияда қайд этилган жиҳатларни уларга болалигидан бошлаб ўргатиш белгилаб берилди. Шу боис келгусида умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда ҳуқуқий билимларга доир ўқув машғулотлари кўпаяди.

Қолаверса, Мактабгача таълим ҳамда Адлия вазирликлари ҳамкорлигида малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда мактабгача таълим муассасаларида “Бола ҳуқуқлари ва мажбуриятлари” мавзусида машғулотлар жорий этилади. Бу ишлар ҳуқуқий маданиятни болаликдан шакллантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари “Юксак ҳуқуқий маданият — мамлакат тараққиёти кафолати” деган концептуал ғоя асосида аҳолининг барча қатламининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда бу билимини кундалик ҳаётда қўллай олиши учун тизимли ва кенг қамровли тарғибот тадбирларини ўтказади. Бундай тадбирлар халқимиз тарихи, дини, миллий қад­риятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилинади.
Кундалик ҳаётимизда кўп учрайдиган ҳуқуқий масалалар юзасидан савол-жавоб тарзидаги қўлланмалар давлат идоралари томонидан хонадонларга бепул тарқатилади. Шунингдек, бепул маслаҳат бериш порталини ўз ичига олган Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизими яратилади.
Бу ишларнинг барчаси сизу бизнинг ҳуқуқий маданиятимизни ошириш учун давлат органлари ва ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Бу жараёнда эса, ҳар биримиз фаол иштирок этишимиз, ҳуқуқ ва бурчимизни пухта ўрганишимиз шарт. Зеро, ҳуқуқий билимимизни ошириш учун ҳукуматимиз томонидан қулай шарт-шароит яратиб берилмоқда. Биз шунчаки, тарқатиладиган қўлланмаларни қунт билан ўқиб чиқсак, ишга тушажак ҳуқуқий ахборот порталидан унумли фойдалансак бўлгани. Шунда ҳуқуқий билимимиз ошади. Мирсаид каби ноқулай вазиятга тушмаймиз.

Зилола ВАҲОБОВА,
Паркент туманидаги 25-умумтаълим мактаби
ўқитувчиси