RoboCraft курслари очилди

Республика “Баркамол авлод” марказида RoboCraft ихтисос­лаштирилган курсларининг очи­лиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.
Халқ таълими вазирлиги қошидаги инновация, технология ва стратегия маркази томонидан хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этилган курсларда 11 ёшдан катта бўлган болалар 6 ой мобайнида роботларни йиғиш ҳамда уларни дастурлашни ўрганади. Машғулотлар STEAM методикаси билан олиб борилади. Яъни, ёш инноваторлар нафақат билим олиш, балки уларни амалда қўллаш имконига ҳам эга бўлади.
Ўқув жараёнлари техник қулай ва қизиқарли ўтиши учун синфхоналар барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Йил якунига қадар яна
19 та мана шундай курс очилиб, АКТ соҳасига қизиқадиган уч минг нафарга яқин ўқувчи сабоқ олиши режалаштирилган.

Мунира НОЗИМЖОНОВА