Ўзбекда жасорат бор!

Ўзбек йигитлари азалдан ўзининг мардлиги, шижоати билан бошқаларга ўрнак бўлиб келган. Нафақат яқинлари, балки ўзгалар учун ҳам жон куйдиради, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёрдамга ошиқади.
Ана шундай мард йигитлардан бири Оламафрўз Абдуллаевдир. У янги йил куни Магнитогорск шаҳридаги турар-жой биноси портлашидан кейин ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, қутқарувчилар келгунига қадар вайроналар орасидан саккиз кишини олиб чиқиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Тенгдошимизнинг бу жасорати Челябинск вилояти губернатори Борис Дубровский ва ҳудуднинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Маргарита Павлова томонидан юксак баҳоланиб, “Яхшилик қилишга шошилинг!” медали билан тақдирланди.
Куни кеча Тошкент халқаро аэропортида Оламафрўз Абдуллаев тантанали кутиб олинди. Довюрак йигитнинг мардонавор хизмати Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Бош консулхона вакиллари томонидан ҳам муносиб рағбатлантирилди.
— Ўша куни кутилмаган овозни эшитиб, ҳодиса жойига шошилдим, — дейди Оламафрўз Абдуллаев. — Одам кўп, йиғилганларнинг аксарияти ёнғинни тас­вирга олиш билан овора эди. Бинонинг учинчи, еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи қаватларида аланга кўтариларди. Шу пайт учинчи қаватдаги аёлга кўзим тушди-ю, ўша хонадонга отилдим. Иккита ёш бола ва бир аёлни ёнғиндан олиб чиқдим. Сўнгра юқори қаватларга кўтарилиб, у ердан ҳам 5 нафар инсонни хавфсиз жойга олиб ўтдим. Мен буни қаҳрамонлик дея олмайман. Ўрнимда бошқа ўзбек йигити бўлганда ҳам шундай йўл тутарди.
Етти йилдан буён Россияда қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган ватандошимиз спорт билан мунтазам шуғулланади. Соғлом турмуш тарзи тарафдори бўлган Оламафрўз 2018 йил Россияда спортнинг “Кудо” ва “Грепплинг” йўналишлари бўйича бир қанча муваффақиятларга эришган.
Қаҳрамонимиз келгусида Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳарбий-техника инс­титутига ўқишга кириб, Ватанга хизмат қилишни мақсад қилган.

Шаҳноза НУРУЛЛАЕВА