Айб психологларда

Психолог мактабда муҳим фигура. У малакали, ишнинг кўзини биладиган мутахассис бўлса, албатта. Акс ҳолда, на таълим олувчилар, на ота-она ва на педагогга нафи тегади. Ўқувчи-ёшлар билан кўп йиллик иш тажрибасига эга амалиётчи психолог, газетамизнинг доимий эксперти Луқмон КАЗАКОВ мактаб психологи қандай бўлиши кераклиги хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Яқинда Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгашининг таклифига биноан ҳудуддаги барча туман ва шаҳарларда бўлиб, мактаб психологлари учун семинар-тренинглар ўтказдик. Очиғи, ҳамкасбларимнинг билим даражаси, малакаси, болалар билан эски методика асосида ишлаб келаётгани мени анча хавотирга солди. Уларнинг аксарияти амалий психология бўйича деярли ҳеч қандай кўникмага эга эмас. Шу туфайли ўқувчилар билан дўстона муносабат ўрнатишда қийналмоқда.

МЕНИМЧА, МУАММОНИНГ ИЛДИЗИ ТАЪЛИМДА. ПСИХОЛОГИЯ ФАКУЛЬТЕТЛАРИДА ТАЛАБАЛАРГА АСОСАН НАЗАРИЙ БИЛИМ БЕРИЛМОҚДА. АММО БУ ЕТАРЛИ ЭМАС. ПСИХОЛОГ АМАЛИЁТДА ТОБЛАНИШИ ШАРТ! У НАФАҚАТ МАКТАБ, БАЛКИ МАҲАЛЛАЛАР, ХУЛҚИДА ОҒИШИ БОР БОЛАЛАР ТАЪЛИМ ОЛАЁТГАН МАХСУС МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРИ ВА БОШҚА ТУРЛИ МУАССАСАЛАРГА КИРИБ БОРИШИ, ЎША ЕРДАГИ КОНТИНГЕНТ БИЛАН ИШЛАШИ ЗАРУР. ШУНДАГИНА ЯХШИ МУТАХАССИС БЎЛИБ ЕТИШАДИ.

Яна Сирдарё вилоятидаги ҳолатга қайтсам. Ўқувчилар орасида кичик сўровлар ўтказдим. Қизиғи, кўпчилиги мактаб психологи ҳузурига бирон марта ҳам бормаган. Чунки ишонмайди. Ёки шубҳаланади. Баъзилари ҳатто психологга нега мурожаат қилиш кераклигини ҳам билмайди. Айб психологларда, албатта! Сабаби уларнинг аксарияти ўқувчиларга оддий, стандарт тестларни бериб қўйиш билан кифояланмоқда. Энди ўйлаб кўринг,

ПСИХОЛОГ БОЛА ҚАЛБИГА ЙЎЛ ТОПА ОЛМАСА, ҚАНДАЙ ҚИЛИБ УНИ ҚИЙНАЁТГАН МУАММОНИ АНИҚЛАШИ ВА ҲАЛ ЭТИШДА КЎМАКЛАШИШИ МУМКИН?!
Мактаб психологи, аввало, педагогика асосларини яхши билиши, психологик диагностика ва коррекциянинг замонавий усулларини эгаллаган бўлиши зарур.

ЯХШИ ПСИХОЛОГ БОЛАДАГИ ДЕВИАНТ ХУЛҚ-АТВОРНИ, ҚЎЙИНГКИ, ЖИНОЯТЧИЛИК, СУИЦИД, ПСИХОФАОЛ МОДДАЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШГА МОЙИЛЛИКНИ ДАРҲОЛ ПАЙҚАЙДИ. БУНДАЙ ҲОЛАТЛАРНИ БАРВАҚТ АНИҚЛАШ ВА ОЛДИНИ ОЛИШ ЖУДА МУҲИМ. АКС ҲОЛДА, ҲАЛОКАТ РЎЙ БЕРИШИ МУҚАРРАР. БИР-БИРИНИ ПИЧОҚЛАГАН, БЕАЁВ ДЎППОСЛАГАН, ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛГАН ЁШЛАР ҲАҚИДА ЭШИТЯПМИЗ-КУ, АХИР!

Бахтга қарши, бизда мактаб психологлари фожиа юз бериб бўлгач ёрдамга шошади. Лекин ҳатто шу вазиятда ҳам нима қилиш лозимлигини билмайдиганлар бор. Жуда бўлмаганда жиноятга қўл урган ўсмир билан бир-икки марта суҳбатлашиб қўя қолади, холос.
Исталган синфга кириб кўринг, ўғил-қизларнинг ичи қайнаб туради, уларда савол кўп. Психолог ҳар бирини эшита олиши зарур. Чунки бола баъзи нарсаларни ота-онаси ёки устозларидан сир сақлайди. Тенгдошларига ҳам ёрилмаслиги мумкин. Шундай пайтда мактаб психологининг ўрни дарҳол билиниши керак.
Айтайлик, ўқувчи билан бир-икки кун ишлаб, у суицидал кайфиятда эканини пайқадингиз. Биринчи навбатда, мотивацияни аниқлаш зарур. Қолаверса, оиласидаги маънавий муҳитни, ижтимоий аҳволини, атрофидаги дўсту биродарларини ўрганишга тўғри келади. Эҳтимол, мотивация ўйлаб топилгандир. Масалан,

ЙИГИТ ЁКИ ҚИЗ СИНФДА ҲАММА МЕНДАН ЮЗ ЎГИРДИ, УСТОЗИМ ЖЕРКИБ БЕРДИ ЁКИ ҲАҚОРАТ ҚИЛДИ, ДЕЯ АСЛИДА ЙЎҚ, ТЎҚИМА НАРСАНИ САБАБ ҚИЛИБ КЎРСАТИШИ МУМКИН. ҲАРҚАЛАЙ, МАХСУС МЕТОДИКАЛАР ЁРДАМИДА БОЛА БИЛАН ИНДИВИДУАЛ ИШЛАБ, ҲАҚИҚАТНИНГ ТАГИГА ЕТСА БЎЛАДИ. БУ ЖИҲАТДАН АМАЛИЁТЧИ ПСИХОЛОГНИНГ ФАОЛИЯТИ ТЕРГОВЧИНИКИГА ЎХШАБ КЕТАДИ.

Доимо изланишда бўлган, ўқувчилар билан тезда тил топиша оладиган моҳир психолог мактаб жамоаси учун қадрли кадр саналади. Бундай мутахассис ўқитувчиларнинг-да ҳурматини қозониши, яқин маслакдошига айланиши турган гап. Аслида ҳам шундай бўлиши керак.
Баъзан бола руҳиятидаги салбий ўзгаришларга педагог сабаб бўлиши мумкин.

ОДДИЙ МИСОЛ, ҲАР БИР СИНФДА “ИККИЧИ”ЛАР БОР, ТЎҒРИМИ? ОДАТДА УЛАРНИ БИРОВ ЖИДДИЙ ҚАБУЛ ҚИЛМАЙДИ. ТАНЛОВ, МУСОБАҚА ЁКИ БОШ­ҚА ТАДБИРЛАРДА ҲАМ “ҚОЛОҚ” ЎҚУВЧИЛАР ЧЕТГА ЧИҚАРИБ ҚЎЙИЛАДИ. ВАҲОЛАНКИ, ҚОБИЛИЯТСИЗ ИНСОННИНГ ЎЗИ ЙЎҚ! ҲАР БИРИМИЗДА ИЖОБИЙ ХИСЛАТЛАР МУЖАССАМ. ПСИХОЛОГ­НИНГ ВАЗИФАСИ МАНА ШУ ҚИРРАЛАРНИ НАМОЁН ЭТИШДАН ИБОРАТ.

Агар болани ҳадеб “Сен “иккичи”сан”, “Сен ўғрисан”, “Сендан одам чиқмайди”, дея койийверсангиз, ишонинг, у ҳеч қачон ўзгармайди! Бир марта ўғирлик қилиб, изза қилиндими, тамом, “Бўларим шу экан-да”, деб қинғир ишини давом эттириши аниқ. Боз устига, кейинги сафар устароқ бўлишга ҳаракат қилади. Яъни,

БОЛАНИ ИЗЗА ҚИЛИШ, ЁМОНОТЛИҚҚА ЧИҚАРИШ БИЛАН ҲЕЧ НАРСАГА ЭРИШМАЙСИЗ. БУНИ ҲАММА, БИРИНЧИ ГАЛДА, ОТА-ОНАЛАР БИЛИБ ҚЎЙИШИНИ ИСТАРДИМ.

Бугунги мактаб ўқувчилари аввалгиларидан кўра кўпроқ психологик ёрдамга муҳтож. Боиси ахборот макони кенгайган. Бир-бирини инкор этувчи, тасдиқланмаган, ёлғон, сохта (фейк) ахборотлар салмоғи кўпаймоқда. Бошқа томондан, биз истеъмол қилаётган маҳсулотлар сифати, овқатланиш тартиби ва рационимиз ўзгараётгани ҳисобига болалар эртароқ балоғатга етяпти. Ушбу омиллар психологик саломатлигимизга ўз таъсирини кўрсатмоқда, албатта.
Мен мактаб психологлари ишини муайян туман ёки шаҳар миқёсида намунавий тарзда йўлга қўйишни тавсия қиламан. Тажриба ўзини оқласа, кейин уни республикада оммалаштирса бўлади.

Наргиза УМАРОВА