Айтилди — бажарилди!

Ёшлар жиноятчилигига барҳам бериш мақсадида Жиззах вилоятида 800 га яқин “Фидокор ёшлар” гуруҳи тузилди. Ушбу ташаббусга Президентимизнинг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асос бўлди.

Янги тузилма ҳудудларда тартиб-интизомни сақлашга масъул саналиб, айниқса, тунги вақтда кўнгилсиз ҳолатлар содир этилмаслиги учун жамоатчилик назоратини олиб боради. Ҳозирда “Фидокор ёшлар” 290 та маҳаллада фаолият кўрсатмоқда.
Гуруҳлар муддатли ҳарбий хизматни тамомлаб, миллий гвардия ёки ички ишлар идораларига ишга кириш истагида бўлган йигитлардан ташкил топ­ган. Уларнинг фаолияти Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши ҳамда ички ишлар бошқармаси томонидан мувофиқлаштириб борилади.
Шу кунгача гуруҳ аъзолари таълим муассасалари ҳамда кўнгилочар масканларда бир неча бор “Давомат” ва “Тунги рейдлар”ни ўтказишга улгурди. Шунингдек, аҳоли мунтазам равишда ҳуқуқий-тарғибот тадбирларига жалб қилинмоқда.

Элдор НАВРЎЗОВ