Бизга истеъмолчилар эмас, фикрловчилар керак

БМТнинг яқинда бўлиб ўтган Савдо ва ривожланиш конференциясида креатив иқтисодиётга доир маъруза тақдим этилганди. Унда айтилишича, бугунги кунда ғоя, ижодий фикр ва ёндашувлар энг харидоргир товарга айланмоқда. Демак, замонавий дунёда керакли, рақобатбардош инсонга айланишинг учун камида фикрлашни билишинг керак!

Бу ҳақда гап очганимизнинг боиси нимада? Жамоат транспортида кетаётганда ёки кафеда овқатланиб ўтирганда ёшларга яхшилаб разм солинг-а, баъзилари ҳатто таом тановул қилаётиб ҳам телефондан бошини кўтармайди. Эҳтимол, бирон маънили китоб мутолаа қилаётгандир ёки қизиқарли мақолага кўзи тушган. Бўлади-ку, ахир. Бўлади! Фақат, бахтга қарши, ҳар доим эмас. Аниқроғи, камдан-кам ҳолларда.

ИНТЕРНЕТ ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРИНИНГ АКСАРИЯТИ ГЛОБАЛ ТАРМОҚДАН “ҚАЙНОҚ” АХБОРОТ ИЗЛАЙДИ ЁКИ ШУНЧАКИ МЕССЕНЖЕРЛАР ОРҚАЛИ “ГАП СОТИШ”ГА ТАШНА.

Мағзи бутун нарсани қунт қилиб ўқиб чиқишга ва айниқса, ўқиганларини мушоҳада қилишга тоқати йўқ. Улар интернет маконидаги тубсиз ахборот уммонига ғарқ бўлган одамларга ўхшайди. Сузаётганда беихтиёр маълум миқдорда сув ютасан. Аммо унинг на таъми, на фойдасини сезасан, киши. Худди шу каби турли-туман (гоҳо чин, гоҳ ёлғон) хабару янгиликлар қуршовида қолган бугунги кун одами барини бир бошдан ютиб юбораверади. Таҳлилга, жайдари қилиб айтганда, истеъмол қилинган ахборотнинг мазасини тотишга эса, вақти йўқ. Кимдир бунга ҳафсала қилмайди, бошқа биров керакмас, деб ҳисоб­лайди. Мана шу зайлда фикрлаш, янги ғоялар яратиш кўникмаси бизни аста-секин тарк этиб бормоқда.

КИТОБ ЎРНИГА ҚЎЛИГА ТЕЛЕФОН ОЛИБ, ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИ “ТИТКИЛАШ”НИ, КЎЧАДА ТЕНГҚУРЛАРИ БИЛАН МИРИҚИБ ТЎП СУРИБ, ЖИЛЛА ҚУРСА, ЛАНКА ЁКИ ЧИЛЛАК КАБИ СОДДА ВА САМИМИЙ ЎЙИНЛАРДАН БАҲРАМАНД БЎЛИБ, ДАМ ОЛИШ ЎРНИГА, ДИҚҚИНАФАС КОМПЬЮТЕР ХОНАСИГА ҚАМАЛИБ, УЗУКУН ВИРТУАЛ УР-ЙИҚИТЛАРДА ИШТИРОК ЭТИШНИ МАЪҚУЛ КЎРАЁТГАН ЁШ АВЛОД ВАКИЛЛАРИ — СИЗУ БИЗНИНГ ЖОН-ЖИГАРЛАРИМИЗ ҲАЛИ СУЯГИ ҚОТМАЙ ТУРИБ “МАФКУРАВИЙ МАНҚУРТ”ГА, МЕДИА МАНИПУЛЯТОРЛАР, “ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” ТАРҒИБОТЧИЛАРИ ҚЎЛИДАГИ ЎЙИНЧОҚҚА АЙЛАНАЁТГАН БЎЛСА-Ю, ҚАНДАЙ ҚИЛИБ УЛАРДАН ИЛҒОР ҒОЯЛАР, ЯНГИ ТАШАББУС­ЛАР, ЗЎР ИННОВАЦИЯЛАРНИ КУТИШ МУМКИН?!

Тўғри, беш қўл баробар эмас. Вақтини беҳуда ўтказмай, ўқиб-ўрганишдан бўшамайдиган, уйида даста-даста китоблар йиққан, билимни чин қадрият санайдиган ёшларимиз ҳам бор. Лекин жамиятнинг умумий салмоғи ичида улар барибир озчиликни ташкил қилмоқда. Ҳар ҳолда, нафақат юртимиз, балки бутун

ДУНЁДА МОБИЛЬ АЛОҚА ВОСИТАЛАРИ БОЗОРИ ЧАҚҚОН БЎЛИБ БОРАЁТГАНИ, ИНТЕРНЕТГА УЛАНГАН ГАДЖЕТЛАР СОНИ ТОБОРА ОРТАЁТГАНИНИ ТАСОДИФ ДЕЙИШ ҚИЙИН.

Бундай ўсиш ва ўзгаришлар ер юзи аҳолиси электрон индивидларга, қайсидир маънода, ҳатто рақамли технологиялар “қули”га айланаётгани, катта миқдордаги, кўпинча сараланмаган ва ишланмаган ахборотларни тўхтовсиз истеъмол қилиш одамларда таҳлилий фикрлаш, хулоса чиқариш, мустақил позицияни шакллантириш иштиёқини бўғаётганидан далолат беради.
Тафаккурини ишга солгиси келмай, ҳадеб интернетнинг “жинкўча”ларида бемақсад тентирайдиган, гоҳ у манба, гоҳ бу манбадан керак-нокерак хабарларни “чуқулавериб”, бемаъни видеопостлар ёки комментарийларга соатлаб диққатини қаратиб ўтирадиган, қолган вақтини эса, дўсту биродарлари билан бир тийинга қиммат мавзуларни, турли миш-мишларни, бачкана ҳазилларни муҳокама қилишга сарфлайдиган йигит-қизларига қараб: “Ҳайф-ей ёшлигинг!” — дегинг келади.
Одатдагидек эрталаб ишга отландим. Манзилимгача чамаси ярим соатлик йўл. Мен билан бирга автобусга икки йигит чиқиб, рўпарамдаги ўриндиқлардан жой олди. Ўзаро суҳбатидан улар коллежда ўқишини, лекин дарсга кеч қолганини англадим. Не ажабки, ўсмирларни бу ҳолат сира хавотирлантирмасди. Иккисининг кўзи ва бутун фикру зикри телефонда (афтидан анчагина қимматбаҳо буюмга ўхшайди!). Кета-кетгунча азаматлар ўша матаҳнинг ранг-рўйидан тортиб, нарх-навосигача муҳокама қилиб борди.

АТАЙЛАБ, КУЗАТДИМ. ҚАНИ ЭДИ ОҒЗИДАН УЙГА БЕРИЛГАН ВАЗИФА ЁКИ БУГУН КОЛЛЕЖДА ЎТИЛАДИГАН ФАНЛАР ҲАҚИДА АҚАЛЛИ БИТТА СЎЗ ЧИҚСА. БИРОНТАСИ ҲАМ ЎҚИШ ҲАҚИДА ЛОМ-МИМ ДЕМАДИ. ҚОЙИЛ-ЕЙ!

Беихтиёр ёшлигимни эсладим. Мактабга бир неча кўчани оралаб пиёда боришга тўғри келган. Манзилга етгунча адабиёт ўқитувчимиз ёдлашга берган шеърми ёки бошқа фандан ўтилган дарс мавзусини так­рорлашга ҳаракат қилардим.

БИР МЕН ЭМАС, СИНФДОШ­ЛАРИМНИНГ КЎПЧИЛИГИ ШУНГА ОДАТЛАНГАНДИ. ДОСКАГА ЧИҚҚАЧ, ИЗЗА БЎЛИБ ҚОЛИШДАН ҚЎРҚАРДИК-ДА. АНИҚРОҒИ, УЯЛАР ЭДИК!

Чунки ота-онамиз кечки пайт, албатта, кундаликни текширарди, қониқарсиз баҳо учун койирди. Ота-оналар мажлисида эса, “иккичи” ўқувчилар номма-ном тилга олиниб, ҳар бирига тегишли чора кўриларди. Эҳтимол, ўша пайтда мобиль телефонлар кам­ёблиги боис, китоб ўқишдан бошқа ишимиз қолмагандир. Бироқ телевизор бор эди-ку. Шунга қарамай, мактабдан қайтгач, биринчи навбатда, дарс тайёрлашга киришардик…
Талабалик йиллари ҳам китоб ўқиш билан ўтди. Қош қорайса-да, кутубхона залларини тарк этишга шошмайдиган илмсевар толибларни кўп кўрганман. Автобус ёки метро вагонларида китоб ўқишни канда қилмайдиган йигит-қизлар ҳам кам учрамасди. Аминманки, уларнинг ҳеч бири ҳаётда кам бўлмади. Илму иқтидори, тенгсиз салоҳияти билан юртимиз шон-шавкатини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, нафақат Ўзбекистон, балки хорижий мамлакатлардаги нуфузли ташкилотлар, компания ва корпорацияларда ҳам масъулиятли лавозимларни эгаллаб, меҳнати эвазига ҳавасга арзигулик ютуқларга эришаётган ватандошларимиз осмондан тушгани йўқ, ахир. Қачондир улар ҳам мактаб, коллеж партасида ўтирган, университет талабаси бўлган. Балки алламаҳалгача кутубхонада қолиб кетгандир, эҳтимол, дам олиш кунларида ҳам китоб варақлашига тўғри келган. Кези келганда, кинога тушиш ёки тунги клубда кўнгилхушлик қилишдан тийилгандир.
Аммо ҳаётда жараён эмас, натижа, кеча ким бўлганинг эмас, бугун қандай инсон эканинг, бойлик, мансаб, мартаба эмас, билим муҳим, тенгдошим. Шуларни ёдда тутсангиз, албатта, узоққа етасиз!

Наргиза УМАРОВА