Биринчисида биринчи ўрин

Пойтахтимизда Марказий Осиё қиличбозлик Конфедерациясининг I очиқ чемпионати бўлиб ўтди. Унда Конфедерацияга аъзо мамлакатлардан 150 нафардан зиёд ўсмир ва кадет совринли ўринлар учун кураш олиб борди.
Якунда 36 та медални қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Спортчиларимиз мусобақа давомида 11 та олтин, 9 та кумуш ва 16 та бронза медалга сазовор бўлди.
— Қиличбозликнинг шпага йўналиши билан тўққиз йилдан бери шуғулланаман. Бу муддат мобайнида олти марта мамлакат чемпиони бўлдим, — дейди олтин медаль соҳиби Санжарбек Собиров. — Бу натижалар билан тўхтаб қолмайман. Мақсадим — 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Ёзги олимпиада ўйинларида муносиб қатнашиб, олтин медални қўлга киритиш.

Шерзод МАҲМУДОВ