Бир стол атрофида

Ўзбекистон ёшлар иттифоқида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор билан учрашув бўлиб ўтди. Мартабали меҳмонни Иттифоқ Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Ўткир Шукуров қабул қилди.

Икки ташкилот ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларига бағишланган мулоқотда ёшлар ташкилоти қошидаги “Етакчи” ёшлар маркази раҳбарияти ва масъул ходимлари ҳам иштирок этди.
Ў.Шукуров Ёшлар иттифоқи саъй­-ҳаракати асосида ўтган йили салкам 161 минг 700 та лойиҳа ва тадбир ташкил қилингани, уларга 23 миллиондан ортиқ йигит-қиз қамраб олинганини қайд этди. ЕХҲТ делегацияси вакилларига “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди.
Шу билан бирга, 2019 йилда “Етакчи” ёшлар маркази тенгдошларимизни волонтерлик фаолиятига кенг жалб қилиш ва шу орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишни мақсад қилгани айтиб ўтилди. Марказ директори Абдусаттор Бўстонов таъкидлаганидек, ушбу ташаббусни амалга оширишда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидек нуфузли халқаро тузилманинг тажрибаси асқатиши мумкин.
Ўз навбатида, жаноб Макгрегор ЕХҲТ Ёшлар иттифоқи билан икки томонлама муносабатларни давом эттиришга тайёр эканини маълум қилиб, Ўзбекистонда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятларни юқори баҳолади.
Музокаралар давомида терроризм ва экстремизм, гиёҳвандлик моддалари савдосига қарши курашиш, киберхавфсизлик каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.

Н.БАҲОДИРОВА