Бошланғич ташкилот номига тузилмайди

Юртимиз йигит-қизларини ватан равнақи йўлида бирлаштириш, орзу ва интилишларини қўллаб-қувватлашда Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотларининг алоҳида ўрни бор. Хўш, Жиззах вилоятида бу бўйича аҳвол қандай? Ҳудудда жонкуяр етарчилар етарлими?
Иттифоқнинг вилоят кенгаши ташаббуси билан “Ватан равнақи йўлида бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган форумда мана шу саволлар таҳлил қилинди. Анжуманда корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ёшлар етакчилари қатнашди.
Иштирокчилар таъкидлаганидек, бугунги шиддатли даврда ёшлар билан ишлаш масаласи устувор аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари ўз фаолиятини янги босқичга кўтариб, янада самарали тузилмага айланмоғи даркор.
— Жиззахда мингдан зиёд бошланғич ташкилот мавжуд, улар ўз атрофига салкам 13 минг нафар йигит-қизни бирлаштирган, — дейди Иттифоқнинг вилоят кенгаши раиси ўринбосари Шоҳида Даманова. — Аммо бу оддий статистика, холос. Аслида барча қуйи тузилмаларимиз ҳам вазифасига сидқидилдан ёндашяпти, деб айтолмаймиз. Номигагина тузилганлари қанча. Баъзи етакчиларнинг масъулиятсизлиги сабаб ёшларни қийнаётган муаммолар ечимсиз қолмоқда. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида бугунги форумга йиғилдик.
Форум доирасида ўқув-семинари ҳам ташкил қилиниб, бошланғич ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган амалий машғулотлар ўтказилди.
Шундан сўнг етакчилар Жиззах нефть базаси ҳамда аккумулятор заводига йўл олиб, ҳар иккала корхонада ёшларга яратилган шароитлар, уларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди.

Азиза ТОЛИПОВА