Зафар ҲОШИМОВ рецепти: “Зарарга ҳам ишлай билиш керак”

Ёшлар иттифоқининг Навоий вилояти кенгаши “Ёшлар коворкинг маркази”га “Korzinka.uz” савдо тармоғи бош директори Зафар Ҳошимовни таклиф этди. Машҳур тадбиркор ҳудуддаги ёш ҳамкасблари билан солиқ сиёсатидаги сўнгги ислоҳотлар хусусида мулоқот олиб борди.
Баъзилар солиқ тўлашни хушламайди. Даромадининг бир қисмини кимгадир шундоққина бериб юбораётгандек туюлади уларга. Тадбиркорлар орасида ҳам шундай ­фикрловчилар бор. Аслида солиқ тушумлари давлатнинг фуқаролар олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажаришга, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва зарур эҳтиёжларини қондиришга имкон беради. Демак, мажбурий ажратмамиз кун келиб ўзимизга-да асқатиши аниқ.
Бу ҳақда Зафар Ҳошимов шундай дейди: “Бугун юртимизда амал қилаётган янги солиқ тизимининг ижобий томонлари кўп. Ягона ижтимоий тўловнинг кескин камайтирилгани, пенсия жамғармаси ва мақсадли жамғармаларга йиғимлар бекор қилинганини алоҳида таъкидлаган бўлардим. 2005 йилда онлайн дўкон очганимда бир кунда 10-12 кишигина маҳсулот буюртма қиларди. Аста-секин мижозлар сони 150 нафарга етди. Лекин харажатлар ўзини қопламасди. Шунга қарамай, фаолиятимни тўхтатганим йўқ. Тадбиркор зарарга ҳам ишлай билиши керак. Навоий шаҳридаги коворкинг марказига кириб, ўша йиллар ёдимга тушди. Бизда ҳозирги ёш тадбиркорга яратиб берилаётгандек қулай шароит, мана бунақанги шинам офислар бўлмаган. Буларнинг қадрига етиш ва сидқидилдан ҳалол меҳнат қилиш керак.
Учрашув иштирокчилари меҳмонга кўп­лаб саволлар билан мурожаат этди. Сермазмун мулоқотдан барчанинг кўнгли тўлди. Лойиҳа яна давом этади.

Дилкушо НАВРЎЗОВА