Кўриб кўз уялади

Хусусий медиалардан ранг ола бошлаган Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканалларни кузатиб, охири, қоғоз қоралашга мажбур бўлдим. Сабаби эфирга узатилаётган айрим кўрсатувлар томошабинни: “Ё тавба!” дея ёқа ушлашга мажбур қилмоқда.

Бундан 25-30 йил муқаддам телевидениемизнинг техник имкониятлари ерда бўлса-да, ижод маҳсулоти осмонда чарақлаб турар эди. Боиси телеканалларга фақат маҳоратли, фидойи мутахассислар жалб қилинар, бу майдонда “от суролмаганлар” четга чиқиб қолаверарди. Шу боис ҳар бир кўрсатув сценарийси пишиқ-пухта ёзилиб, муҳокамалардан албатта ўтказилган. Адабий тил қоидаларига қатъий амал қилиш ҳам бурч саналган. Ўша пайтдаги “Ёшлик” студияси тайёрлаган “Оталар сўзи — ақлнинг кўзи”, “Баҳс”, “Келинг, очиқчасига гаплашайлик”, “Қизлар давраси”, “Ижод ва изланиш”, “Тенгдош тенгдош ҳақида”, “Телевизион миниатюралар театри” сингари ўнлаб кўрсатувлар фикримизнинг ёрқин исботидир.
Таассуфки, бугун телеканалларимизнинг техник имкониятлари осмонда, бироқ ижод нурсиз — мавжи ҳам, авжи ҳам ниҳоятда суст. Ҳаёт билан ҳамнафаслик, ҳозиржавоблик ярқ этиб кўринмайди. Она тилимиз чайналгандан чайналган. Аксар кўрсатувларда қуруқ баён устувор. Таҳлил йўқ, савия етишмайди. Тасвирга сўз, сўзга мусиқа мос эмас. Ижтимоий муаммоларга бағишланган салмоқли кўрсатувлар бармоқ билан санарли.
“Ёшлар” телеканалининг яқиндагина намойиш этилган “Мендан менгача” кўрсатувини томоша қилиб ҳайратдан донг қотдим. Унинг илк сони Россия телевидениесидаги “Модный приговор”дан айнан кўчирилган бўлиб, томошабинларга ўзбек тилида мантиқсиз ва мақсадсиз тақдим этилганди. Иккинчи намойишда эса, беш нафар қиз қимматбаҳо дўконлар оралаб ўзига Янги йил базми учун кийим излайди. Бир қарашда, мазкур кўрсатув нархи осмонда бўлган кийим-кечаклар дўконларини реклама қилишдан бошқа нарса эмас. Иштирокчилардан бири: “Мен дарсга ҳам мана шундай чиройли кийиниб бораман”, — деса, иккинчиси ҳар куни эрталаб ки­йим танлашга бир соатдан кўпроқ вақт сарфлашини айтади. Учинчиси: “Мен қизлар ичида либос-пардозим билан ажралиб туришга ҳаракат қиламан”, — дея мақтанади. Олий ўқув юрти талабаларининг санамай саккиз дейишига ишонгинг келмайди, киши. Очиғи, қолипга сиғмайдиган даражада безангану бўянган бу қизларни мен санъатидан кўра кўпроқ кийимию ўзини кўз-кўз қиладиган таннозхонимларга ўхшатдим.
Хўш, беш қизни қўғирчоқдек кийинтириб томошабинга кўрсатишдан мақсад нима? Уларни кийим танлашга ўргатишми? Ёки ҳар бир қиз ана шундай башанг кийиниши, керак бўлса, университетига ҳам шу алфозда бориши керак, деган ғояни сингдиришми? Назаримизда, кўрсатув ижодкорлари ўзбек аёллари кийим танлашда мустақил фикрга эга эканини унутиб қўйган кўринади. Боз устига, улар талаба аслида қандай кийиниши кераклигидан хабардор бўлганида эди, иштирокчининг: “Ўқишга бориш олдидан бир соат кийим танлайман”, — дейишига йўл қўймасди.
“Ёшлар” телеканали хориждан кўр-кўрона андаза олиб, миллий қадриятларимиз ва маънавиятимизга терс бўлган бундай сийқа кўрсатувлар ўрнига, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган, уларни яратиш ва яшнатиш ишқи билан яшашга илҳомлантирадиган, миллий ва умуминсоний қадриятларга мос дастурлар тайёрлаш ҳақида бош қотирса, нур устига нур бўларди.

Нуриддин ОЧИЛОВ,
журналист