“Менам мактапка бораман”

Айни туш вақти. Уйдан Тошкентга қайтяпман. Машинамиз ёқилғи қуйиш шохобчасида тўхтади. Атроф гавжум, чамаси беш-олти ёш атрофидаги болалар йўловчилардан пул сўраб, тиланчилик қиляпти. Зумда бир қизалоқ ёнимга келиб, “Опажон, озгина нонга пул беринг, илтимос”, — дея ялина бошлади.

Унга бошдан-оёқ разм соларканман, қизнинг юпун аҳволда эканидан кўнглим бузилди. Қўлига беш-тўрт сўм бериб, гапга солдим. Одина билан укаси кун бўйи тиланчилик қилар, топганини уйга олиб бориб, онасига бераркан. Қаерда яшашини сўрасам, жавоб бермади. Ҳеч кимга айтмаслигини ойиси тайинлаган экан.
Қизалоқ анчадан буён ҳеч ким билан суҳбатлашмаган, шекилли, бир дам тўхтамасдан гапирарди. Ўтган йили дадаси автоҳалокат туфайли вафот этибди. Онаси касаллик сабаб ишламас, уйда катта қизи билан майда-чуйда юмушлар билан андармон бўларкан.
“Биз пул топмасак, улар оч қолади, — дейди қизалоқ. — Сен­­-
т­ябрда менам мактапка бораман, ёзишни, ўқишни ўрганаман. Чиройли формалар кияман, кўп дугоналарим бўлади, улар билан ўйнайман”. Унинг орзулари бисёр…
Машина овози қизғин суҳбатни бўлди. Машинага минарканман, Одинанинг сал наридаги амакидан пул сўраётганига кўзим тушди…
Йўл бўйи шу воқеа хаёлимдан кетмади. Одинанинг онаси ҳақида ўйлардим. Оёқлари оғриётган бўлса, қўллари соғдир. Ул-бул юмуш билан шуғулланиб ҳам оила тебратса бўлар. Ахир улар бола-ку, айни ўйнаб-куладиган пайти. Тенгдошлари кўчада қувлашмачоқ, яшинмачоқ ўйнаётган маҳал улар одамлар ортидан югуриб, пул топяпти. Барча ҳам уларга индамасдан пул бериб кетавермайди, баъзилар ҳақоратли гаплар айтиб, уриб-туртади. Табиийки, бундан уларнинг дийдаси қотади. Ким кафолат беради, эртага бундай болаларнинг жамиятга, ҳукуматга нафрат кўзи билан қарамаслигига. Тиланчилик жонига тегиб, ўғри, қаллоб, жиноятчи бўлиб кетмаслигига-чи?!
Ахир, давлат томонидан уларга ўн олти ёшга тўлгунига қадар нафақа пули тўланади, бундан ташқари, маҳаллаларда ҳам боқувчисини йўқотган оилаларга алоҳида аҳамият қаратилиб, моддий ёрдам берилади.
Тўғри, балки вазиятни тўлиқ билмай туриб, Одинанинг ойисидан ноўрин гина қилаётгандирман. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, ёш болалардан пул топиш мақсадида фойдаланиш тўғрими?!

Дилфуза АШУРБОЙ қизи